Оролбўйи ҳудудида Миср тажрибаси жорий этилади

ҚОҲИРА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Мисрнинг “Shurba” компанияси вакиллари ўртасида қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида томонлар Мисрнинг илғор тажрибаси асосида Оролбўйи ҳудудида замонавий агротехнологик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Айниқса, инновацион суғориш технологияларини жорий этиш, иссиқхона хўжалигини ривожлантириш ва чўл ерларини ўзлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миср томони ўзининг қурғоқчил иқлим шароитида деҳқончилик қилиш борасидаги бой тажрибасини Қорақалпоғистонда қўллашга қизиқиш билдирди.
Қорақалпоғистон вакиллари ҳудуддаги қулай инвестиция муҳити ва хорижий ҳамкорлар учун берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Музокаралар натижасида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун пилот лойиҳаларни йўлга қўйиш ва экспертлар даражасида доимий маслаҳатлашувларни ташкил этишга келишиб олинди.
Иқтисодий алоқалар билан бир қаторда, таълим соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон томони мисрлик талабаларни маҳаллий олий таълим муассасаларида қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва муҳандислик йўналишларида таҳсил олишга жалб этиш таклифини илгари сурди. Бунда академик алмашинув дастурлари ва институционал шериклик муҳим восита бўлиши таъкидланди.
Учрашув якунида мулоқотни тизимли давом эттириш юзасидан келишувга эришилди. Бу каби ташаббуслар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
