Покистон компанияси раҳбари билан Янги Тошкентда турар жой ва савдо объектларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинди

Октябрь 17, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 137
Покистон компанияси раҳбари билан Янги Тошкентда турар жой ва савдо объектларини барпо этиш масалалари муҳокама қилинди

 ИСЛОМОБОД, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик бизнес гуруҳларидан бири – “Arif Habib Group” асосчиси ва бош директори Ариф Ҳабиб билан онлайн  учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат аввалида Покистон томони учун Янги Тошкент шаҳрини барпо этишнинг асосий мақсадлари, шаҳар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди.

Шундан сўнг, “Arif Habib Group” иштирокида Ўзбекистонда, хусусан, Янги Тошкент ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Покистонлик инвесторга Янги Тошкент ҳудудида замонавий турар жой мажмуалари, бизнес ва офис марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда бошқа кўчмас мулк лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Компания раҳбари Ўзбекистондаги инвестиция имкониятларини юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришдан мамнунлигини билдирди. У Янги Тошкентда кўчмас мулк ва қурилиш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни ўрганишга тайёрлигини таъкидлади.

– “Arif Habib Group” Покистоннинг Карачи, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларида йирик қурилиш ва кўчмас мулк лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта тажрибага эга, – деди Ариф Ҳабиб. – Шу боис Янги Тошкент ҳудудида турар жой, офис ва савдо объектларини барпо этишга қаратилган инвестиция таклифлари устида ишлашга тайёрмиз. Дастлабки босқичда, қурилиш ва кўчмас мулк йўналишлари бўйича техник-иқтисодий таҳлил ўтказиш, унинг натижалари асосида эса устувор инвестиция лойиҳасини шакллантиришни режалаштиряпмиз.

Шунингдек ўқинг

 Музокаралар якунида муҳокама қилинган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш мақсадида Янги Тошкент дирекцияси раҳбарияти билан музокаралар ташкил этишга келишиб олинди.

“Arif Habib Group” капитал бозори ва қимматли қоғозлар, инвестиция банкинги ва молиявий хизматлар, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, цемент ва қурилиш материаллари ҳамда кўчмас мулк ҳамда соҳаларида фаолият юритувчи Покистоннинг йирик бизнес гуруҳларидан бири ҳисобланади.

 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш