Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи ўз кўлами, кун тартибининг чуқурлиги ва эришилган натижалари жиҳатидан ҳақли равишда тарихий бўлди

Февраль 10, 2026. 16:45 • 3 дақ

64
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи ўз кўлами, кун тартибининг чуқурлиги ва эришилган натижалари жиҳатидан ҳақли равишда тарихий бўлди
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи ўз кўлами, кун тартибининг чуқурлиги ва эришилган натижалари жиҳатидан ҳақли равишда тарихий бўлди
Покистон ОАВ: Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи ўз кўлами, кун тартибининг чуқурлиги ва эришилган натижалари жиҳатидан ҳақли равишда тарихий бўлди

ИСЛОМОБОД, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Исломобод шаҳрига амалга оширган давлат ташрифи якунларини кенг ёритмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, ушбу мамлакатнинг «Associated Press of Pakistan», «Diplomatic Affairs», «CPEC News», «MNN News», «Media Online Today», «Dailysubnews», «The World News», «Times of Central Asia», «NN Pakistan» ва «Sub News English» электрон нашрлари, «The Diplomatic Insight» журнали ҳамда «World News Pakistan» газетасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов қаламига мансуб «Тарихий ташриф: Ўзбекистон ва Покистон стратегик шериклигининг янги уфқлари» сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.

Муаллиф ёзганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи ўз кўлами, кун тартибининг чуқурлиги ва эришилган натижалари жиҳатидан тўлақонли равишда тарихий, деб баҳоланиши мумкин. У нафақат икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқди, балки Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлигини анъанавий давлатлараро мулоқот доирасидан анча кенг бўлган, кенг қамровли стратегик шериклик форматида амалда расмийлаштирди.

«Ташриф дастури ниҳоятда сермазмун бўлиб, томонларнинг узоқ муддатли, институционал жиҳатдан барқарор ҳамкорлик моделини шакллантиришга бўлган интилишини яққол акс эттирди. Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан бўлиб ўтган алоҳида музокаралар сиёсий ишончнинг юксак даражасини, шунингдек, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиёт масалалари бўйича ёндашувларнинг муштарак эканини тасдиқлади», – деб қайд этган СМТИ директорининг биринчи ўринбосари.

Мақолаларда бугунги кунда бундай ҳамкорлик глобал ноаниқлик, таъминот занжирларининг парчаланиши, протекционизмнинг кучайиши, геосиёсий зиддиятларнинг ортиши, шунингдек, иқлим ва ресурслар билан боғлиқ муаммолар шароитида айниқса долзарб аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланган. Муаллифга кўра, ана шу шароитда Тошкент ва Исломобод ўртасидаги стратегик шериклик бутун макроминтақанинг барқарорлиги ва мустаҳкамлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири сифатида намоён бўлиб, замонавий чақириқларга биргаликда жавоб қайтариш учун ишончли платформа яратади.

Ташриф давомида умумий қиймати тахминан 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этувчи қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу бизнес доираларининг икки томонлама кооперацияга бўлган жиддий ва узоқ муддатли қизиқишини кўрсатади. Иқтисодий ҳамкорликни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш Ўзбекистон–Покистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги қарор билан янада қўллаб-қувватланди.

«Ташрифнинг стратегик аҳамияти, айниқса, транспорт-логистика кун тартибида яққол намоён бўлди. Савдо ҳажмларини ва саноат кооперациясини янада кенгайтириш транзит ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга бевосита боғлиқ бўлиб, шу нуқтаи назардан Трансафғон темир йўл коридори лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди», – дея урғуланган манбада.

Покистон ОАВда эълон қилинган материалларда ёзилганидек, давлат ташрифига юксак сиёсий ва рамзий баҳо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Покистоннинг энг олий давлат мукофоти – «Нишони Покистон» ордени билан тақдирлаш, шунингдек, Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонини бериш орқали ифодаланди.

«Етакчи Покистон университети томонидан академик унвон берилиши илмий ва таълим соҳасидаги алмашувларга очиқликни таъкидлаб, қўшма тадқиқот дастурларини ривожлантиришга туртки беради ҳамда мамлакатлар ўртасидаги маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлайди. Умумий тарихий хотирани абадийлаштиришга қаратилган қарорлар ҳам алоҳида рамзий аҳамиятга эга — Исломобод шаҳрида Тошкент кўчаси ва Бобур боғини барпо этиш шулар жумласидандир», – дейилади мақолалар хулосасида.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш