Покистон ОАВ: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик майдонга айланмоқда

Июнь 05, 2026. 00:25 • 3 дақ

53
Покистон ОАВ: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик майдонга айланмоқда
Покистон ОАВ: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик майдонга айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Independent”, “Infora News”, “The World News”, “Sub News” каби нашрларида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматовнинг 4–6 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрларда қайд этилишича, Акрамжон Неъматов Термиз мулоқотининг кун тартиби жуда кенглиги, иштирокчилари таркиби эса инклюзив хусусиятга эга эканини таъкидлаган.

“Бу йилги учрашувимиз Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) билан шерикликда ташкил этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта, зеро ОҲИЧКнинг асосий вазифаси Осиёда ишонч чораларини мустаҳкамлашдан иборат. Мулоқотда БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси ҳам фаол қатнашмоқда”, – деган у.

Шунингдек, географик жиҳатдан Марказий ва Жанубий Осиёда жойлашган давлатлар билан бир қаторда, Евроосиё маконидаги барча мамлакатлар, қолаверса, ундан ташқаридаги давлатлар ҳам мулоқотнинг тўлақонли иштирокчилари ва манфаатдор томонлари ҳисобланиши таъкидланган. Буни Озарбайжон, Буюк Британия, Германия, Қатар, Хитой, Россия, Туркия, АҚШ, Швейцария ва бошқа давлатлардан ташриф буюраётган делегациялар таркиби яққол тасдиқлайди.

Термиз мулоқотининг ўзи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган глобал ташаббусининг амалий ифодасидир.

Шунингдек ўқинг

СМТИ вакилининг маълум қилишича, мулоқот кенг кўламли уч кунлик форум бўлиб, унинг дастури анъанавий ялпи мажлислар доирасидан анча кенг.

“Биз назарий мулоқотни амалий натижалар билан уйғунлаштиришга интиламиз. Асосий сессиялардан ташқари, дастур доирасида қатор муҳим қўшимча тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, тадбир доирасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик, Афғонистон–Ўзбекистон–Покистон йўналишида мулоқотни йўлга қўйиш, Марказий Осиёда минтақавий ўзига хослик масалалари, тинчликпарварлик ва барқарор ривожланиш мавзусида ёшлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга бағишланган эксперт ва академик мунозаралар ўтказилиши режалаштирилган”, – дея қайд этган эксперт.

Ушбу муҳокамаларнинг асосий мақсади конструктив ҳамкорлик кун тартибини илгари суриш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли механизмларини шакллантириш учун эксперт-таҳлилий ҳамда интеллектуал салоҳиятни ишга солишдан иборат.

Мутахассиснинг фикрича, Термиз мулоқоти арафасида Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга интеграциянинг янги ва чуқур ўйланган ёндашувини таклиф этмоқда. Бу фақат темирйўллар қуриш ёки электр тармоқларини ривожлантириш каби техник лойиҳалар билан чекланмайди. Асосий ғоя шундаки, инфратузилма халқлар ва давлатларни боғлаб турган умумий тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг амалий ифодаси сифатида қаралмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш