Пьер-Поль Антониссенс: Сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли бўлди
Август 10, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 60
ПАРИЖ, 10 август. /“Дунё” АА/. Нуфузли “EDF” француз компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги вакили Пьер-Поль Антониссенс мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Ўзбекистонда уч бор ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Оилам билан бу мамлакатда қарийб 15 йил яшадим. Ўтган вақт ичида мамлакатда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга гувоҳ бўлдим. Айниқса, сўнгги ўн йилдаги ўзгаришлар чиндан ҳам ҳайратланарли бўлди.
Биз мамлакатни дунёга очган ва сармояларни жалб этиш имконини берган иқтисодий ташаббуслар шоҳиди бўлдик. Айнан шу ўзгаришлар туфайли мен яна Ўзбекистонга қайтдим. EDF компаниямиз йирик лойиҳани қўлга киритди. 2022 йилда “EDF Uzbekistan” компаниясини ташкил этиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш учун Тошкентга келдик.
Бугунги кунда энергетика соҳасида фаол иш олиб боряпмиз. Сирдарё вилоятида йирик газ электр станциясини қурмоқдамиз. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам катта лойиҳалар билан шуғулланяпмиз ва фаолиятимизни давом эттиришга умид қиламиз. Ҳозирда Бухоро вилоятида шамол электр станциясини қуриш ҳамда Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишни режалаштирмоқдамиз.
Айтишим жоизки, Ўзбекистонда ишлаш инсонга завқ бағишлайди. Фақат ишлаш эмас, балки шунчаки яшашнинг ўзи ҳам. Бу ернинг иқлими ажойиб, одамлари эса жуда меҳмондўст ва очиқкўнгил.
Шу боис барча халқаро компанияларга бу ерга келиб, ҳаммасини ўз кўзлари билан кўришни тавсия қиламан. Бундан ташқари, Европа–Ўзбекистон ва Франция–Ўзбекистон савдо палаталари доирасида компанияларга ёрдам берамиз, уларга маслаҳатлар бериб, Ўзбекистонга сармоя киритиш истагида бўлганларга ҳамроҳлик қиламиз.
Мамлакатда барча зарур шароитлар мавжуд: халқаро мактаблар, замонавий дўконлар, савдо марказлари. Бу ерда замонавийлик ва анъаналар, шарқона бозорлар ва янги супермаркетлар ўзаро уйғунлашиб кетган. Ҳар сафар иккиланаётган инвесторларга доим шундай дейман: келинг, Ўзбекистонга сармоя киритинг – асло афсусланмайсиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонлик дўстларим ва ҳамкорларимни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклайман. Насиб қилса, Мустақиллик байрамида нишонлаш учун Тошкентда сизлар билан бирга бўламан.
Келаётган қутлуғ шодиёна билан барчани қутлайман!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси