Андрей Рудской: Учинчи Ренессанс ғояси Ўзбекистоннинг бой илмий-маданий меросини унинг келажакка ишончли одимлари билан уйғунлаштирмоқда
Август 08, 2026. 09:10 • 4 дақ
• 185
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 8 август. /“Дунё” АА/. Санкт-Петербург политехника университети ректори, Россия Фанлар академияси академиги ва вице-президенти, РФА Санкт-Петербург бўлими раиси Андрей Рудской Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табрик ва тилакларини йўллади.
– Азиз дўстлар!
Мен Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюриб, мамлакат раҳбарияти, ректорлар, олимлар, ўқитувчилар ва талабалар билан учрашганман. Ҳар бир янги ташрифим республиканинг нақадар шиддат билан ўзгараётганини кўриш имконини беради.
Мен бу ривожланишни нафақат изчил, балки ҳақиқатан ҳам портлашдек шиддатли, деб атаган бўлардим. Шаҳарлар обод бўлиб, замонавий корхоналар, университет шаҳарчалари, илмий лабораториялар ва инновацион майдонлар барпо этилмоқда. Аммо бундан ҳам муҳими, жамиятдаги бунёдкорлик қуввати, билимга интилиш, янги ғояларга очиқлик ва ўз кучига ишонч сезилиб турган муҳитдир.
Бугун “Янги Ўзбекистон” тушунчаси чин маънодаги мазмун билан тўйинган, Учинчи Ренессанс ғояси эса мамлакатнинг бой илмий-маданий меросини унинг келажак сари ишончли одимлари билан боғламоқда.
Болалар ва ёшлар билан тизимли ишлаш алоҳида таҳсинга сазовордир. Мактаблар, университетлар, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш – бу келажак учун энг ишончли сармоядир.
“Келажак инноваторлари” халқаро фестивали давомида ёш иштирокчилар, уларнинг ёниб турган кўзлари, ғояларининг дадиллиги ва янгилик яратишга бўлган самимий иштиёқи менда катта таассурот қолдирди. Айнан улар Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Россия ва Ўзбекистоннинг замонавий муносабатлари чуқур тарихий хотирага таянади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон юз минглаб эвакуация қилинганларни, жумладан, қамалдаги Ленинград аҳолиси, олимлар, ўқитувчилар ва талабаларни қабул қилган. Тошкент кўпчилик учун иккинчи уйга айланган.
Бизнинг Ленинград политехника институти ҳам ўзининг таълим ва илмий фаолиятини шу ерда давом эттирган. Бу умумий тарих Тошкент ва Санкт-Петербургни, университетларимиз ва халқларимизни абадий боғлаб туради.
Бугунги кунда Санкт-Петербург политехника университети Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Бухоро, Қарши, Наманган ва бошқа шаҳарларнинг университетлари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Биз таълим ва илмий лойиҳаларни, алмашинув ва малака ошириш дастурларини амалга оширяпмиз, муҳандислик мактаблари ва ёшлар тадбирларини ўтказяпмиз. Тошкент давлат техника университети билан ишонч, ўзаро ҳурмат ва муҳандислик таълимини ривожлантириш йўлидаги умумий масъулиятга асосланган стратегик шериклик алоҳида ўрин тутади.
Биз учун ҳамкорлигимиз замонавий мутахассисларни тайёрлаш, янги тадқиқотлар ва технологияларни яратиш, ёшлар учун реал муҳандислик лойиҳаларини амалга ошириш каби аниқ натижалар бериши муҳим. Россия ва Ўзбекистон олдида технологик ривожланиш, саноатни мустаҳкамлаш, рақамли трансформация ва юқори малакали кадрлар тайёрлашдек ўхшаш вазифалар турибди. Уларни биргаликда, университетларимизнинг илмий мактаблари ва салоҳиятини бирлаштирган ҳолда ҳал қилиш янада самарали бўлади.
Бу борада билимлар дипломатияси алоҳида роль ўйнайди. Талабалар, ўқитувчилар ва олимларнинг ҳамжиҳатликдаги фаолияти мамлакатлар ўртасида мустаҳкам касбий ва инсоний ришталарни вужудга келтиради. Россия ва Ўзбекистон Президентларининг 2023 йил кузида бўлиб ўтган “Россия – Марказий Осиё” саммитида илгари сурган ташаббусини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Келажак муҳандислари” халқаро муҳандислик бирлашмаси бунга яққол мисол бўла олади.
Бирлашма Россия ва Марказий Осиёнинг етакчи техника университетларини бирлаштирди ва умумий илмий-таълим маконининг асоси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Унинг муваффақияти янги технологиялар, қўшма ишланмалар, кучли тадқиқот гуруҳлари ва етук муҳандислар билан ўлчаниши керак.
Келажак ҳақида гапирганда, мен Ўзбекистонни Евроосиёнинг етакчи илмий, таълим ва технологик марказларидан бири, илғор технологиялар яратадиган замонавий ва очиқ мамлакат сифатида кўраман.
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистонга тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва янги улкан зафарлар тилайман. Ўзбек халқига сиҳат-саломатлик ва ҳамжиҳатлик, мамлакатларимизга эса дўстлик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашни истайман. Ишончим комилки, яхши қўшничилик, ҳамкорликка очиқлик ҳамда тарих, маданият ва миллий анъаналарга юксак ҳурмат билан муносабатда бўлиш ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолади.
Ўзбекистоннинг келажаги сифатли таълим, кучли илм-фан ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Ёшларига куч-ғайратини сарфлайдиган мамлакат ўз келажагига бевосита сармоя киритган бўлади. Бугунги ўқувчи ва талабалар келажакда илмий лабораториялар, университетлар ва юқори технологияли корхоналарга раҳбарлик қилади, Янги Ўзбекистонни қуришни давом эттиради ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратади.
Байрамингиз билан! Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси