Халит Хамзаоглу: Ўзбекистоннинг 35 йиллик тараққиёт йўли туркий дунё учун муҳим аҳамиятга эга
Август 08, 2026. 13:30 • 3 дақ
• 132
АНҚАРА, 8 август. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Кавказ университети доценти, туркий дунё мамлакатлари бўйича эксперт Халит Хамзаоглу Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Бундан 35 йил муқаддам қардош Ўзбекистон мустақилликка эришган кунларда Туркияда, хусусан, Онадўлида бу хабарни катта қувонч ва ҳаяжон билан қарши олган эдик.
Туркия ва Ўзбекистонни нафақат умумий тарих, тил ва маданият, балки чуқур маънавий ришталар ҳам бирлаштириб туради. Шу боис, Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан қардош ўзбек халқини самимий муборакбод этаман. Бу қутлуғ кунда биз ҳам сизлар билан бирга қувонамиз ва ушбу тарихий сана шодиёнасига шерикмиз.
Сўнгги 35 йил мобайнида мамлакатингиз улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Энг аввало, мустақилликнинг ўзи ҳар қандай халқ учун беқиёс қадриятдир. Айниқса, кейинги ўн йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқди.
Энг муҳим ютуқлардан бири – Марказий Осиёда ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва яхши қўшничилик муҳитини шакллантириш бўлди. Қўшни давлатлар билан муносабатлар янги босқичга кўтарилди, Тожикистон ва Қирғизистон билан кўп йиллар давомида ҳал этилмай келган чегара масалалари муваффақиятли ҳал қилинди.
Ўзбекистон Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашган стратегик давлатдир. Шу боис, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан янада кучайиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё, туркий дунё ва Туркия учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Биз Туркияда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш ва ҳурмат билан кузатиб келмоқдамиз. Бугун бу ислоҳотлар халқаро экспертлар ва илмий доиралар томонидан ҳам юксак баҳоланиб, Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” сари интилиши сифатида эътироф этилмоқда.
Туркия учун Ўзбекистон туркий цивилизация ва умумий тарихимизнинг энг муҳим таянчларидан биридир. Зеро, Туркия 1991 йил 16 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат сифатида бу муносабатларга доимо алоҳида аҳамият бериб келади.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған ўртасидаги ўзаро ишонч ва самимий дўстлик муносабатлари Ўзбекистон–Туркия стратегик шериклигини янада мустаҳкамлади. Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар, давлат ташрифлари ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги яқин ҳамкорлик икки мамлакатнинг минтақавий ва халқаро масалалар бўйича умумий ёндашувларини янада яқинлаштирмоқда.
Савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўрта йўлак” лойиҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор Евроосиёдаги транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва янги иқтисодий имкониятларни яратишга хизмат қилмоқда.
Умумий тарих, тил, маданият ва маънавий қадриятларимиз икки халқни янада яқинлаштириб, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамламоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, қардош ўзбек халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси