Logo

Покистонда Ўзбекистон ҳақида тўртта нуфузли журналнинг махсус сонлари чоп этилди

Февраль 05, 2026. 12:40 • 2 дақ

32
Покистонда Ўзбекистон ҳақида тўртта нуфузли журналнинг махсус сонлари чоп этилди
Покистонда Ўзбекистон ҳақида тўртта нуфузли журналнинг махсус сонлари чоп этилди

ИСЛОМОБОД, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга арафасида Покистон оммавий ахборот воситалари мунтазам равишда ахборот-таҳлилий мақолалар эълон қилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Шунингдек, Покистон кенг жамоатчилигини юртимизда кечаётган ислоҳотлар билан таништириш мақсадида Покистоннинг нуфузли нашрларининг махсус сонлари тайёрланди. Хусусан, “The Diplomatic Insight – TDI”, “Diplomatic Focus”, “Centreline” ва “Peace International” журналларининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сонлари чоп этилди.

“Peace International” журнали халқаро муносабатлар ҳамда халқаро экспертларнинг таҳлилий материалларини кенг ёритишга ихтисослашган. Ушбу журнал ойига бир маротаба инглиз ва урду тилларида чоп этилади.

Журналнинг Ўзбекистонга бағишланган сонида юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижалари, Ўзбекистон Президентининг халқаро майдонда илгари суриб бораётган ташаббуслари, юртимизнинг бой маданий-маърифий ва тарихий мероси ҳамда бошқа мавзуларга бағишланган материаллар ўрин олган.

Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи арафасида “The Diplomatic Insight” журналининг махсус сони босилиб чиқди.

Журнал саҳифаларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, туризм ва спорт соҳаларидаги янгиланишларга бағишланган туркум материаллар, шунингдек, Ўзбекистон–Покистон муносабатларига доир мақолалар ўрин олган.

Покистоннинг “Diplomatic Focus” журналида Ўзбекистонга бағишланган сонида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқининг тўлиқ матни чоп этилган. Шунингдек, Покистонда чоп этилган, Ўзбекистон Президентига бағишланган китоблар тақдимотлари ҳақидаги мақолалар ҳам ўрин олган.

Имом Бухорий ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги материаллар ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди. Ўзбекистон ёшларининг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитларга доир мақола рангли фотосуратлар билан батафсил ёритилган. Махсус сонда, шунингдек, Ўзбекистоннинг қишки туризм салоҳиятига бағишланган таҳлилий мақола берилган.

“Centreline” журнали Покистоннинг ижтимоий-сиёсий, дипломатик ва эксперт доиралари вакиллари ўртасида кенг тарқатилади. Мазкур журналнинг Ўзбекистонга бағишланган сони нашр бош муҳаррирининг Ўзбекистон–Покистон муносабатларига бағишланган мақоласи билан бошланади. Унда Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси тўлиқ эълон қилинган. Шунингдек, журналда Ўзбекистон–Покистон муносабатлари, Ўзбекистонда маҳалла институтини такомиллаштириш, туризм маҳаллаларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ўзбек миллий таомлари ва бошқа мавзулар қамраб олинган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш