Ўзбекистонда муқобил инвестиция фондлари тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
Февраль 05, 2026. 10:41 • 50 сония
• 112
ТОШКЕНТ, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Тошкентда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши Ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, тадбирнинг асосий мавзуси венчур ва хусусий капитал учун замонавий ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган “Муқобил инвестиция фондлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўлди.
Муҳокамаларда венчур фондлари вакиллари, халқаро молия институтлари, Кенгашга аъзо глобал компаниялар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва тегишли вазирликлар раҳбарияти иштирок этди.
Қонун лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда ҳамда қатор ихтисослашган компаниялар ва халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.
Ҳужжатда private equity (хусусий капитал), венчур фондлари тушунчалари киритилмоқда, шунингдек, халқаро миқёсда тан олинган тузилма ва инструментлар ҳамда солиқ солишнинг “шаффоф” тамойиллари назарда тутилган.
Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши халқаро инвесторлар учун Ўзбекистон бозорининг жозибадорлигини оширади ва мамлакатда инновацион экотизимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
