Logo

Ўзбекистонда таълим олиш Миср ёшларида қизиқиш уйғотмоқда

Январ 21, 2026. 09:17 • 2 дақ

54
Ўзбекистонда таълим олиш Миср ёшларида қизиқиш уйғотмоқда

ҚОҲИРА, 21 январь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг таълим соҳасидаги хусусий “Raya Study” компанияси ва Ўзбекистоннинг “Niche” компанияси вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда асосий эътибор мисрлик ёшларни мамлакатимиз олий таълим муассасаларига йўналтиришнинг барқарор ва юқори самарали механизмини шакллантириш ҳамда икки томонлама стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига қаратилди.

Мулоқот чоғида “Raya Study” компанияси раҳбарияти сўнгги пайтларда минтақадаги воқеалар муносабати билан мисрлик ёшлар таълим олиш учун хавфсиз ва истиқболли муқобил йўналишларни фаол излаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон барқарор ижтимоий-сиёсий муҳит, олий таълим сифатининг юқорилиги, шунингдек, маънавий-маданий яқинлиги туфайли Миср таълим бозорида катта қизиқиш уйғотаётгани қайд этилди.

Шунингдек, компания вакиллари 2026 йилда тиббиёт, муҳандислик ва гуманитар фанлар йўналишларида талабалар оқимини 500-1000 кишидан бошлаш, кейинчалик эса бу кўрсаткични йилига 7000 кишига етказишни режалаштирганини маълум қилди.

Бундан ташқари, “Raya Study” 2026 йилнинг ёз ва куз фаслларида Қоҳира ва Искандария шаҳарларида Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари иштирокида кенг қамровли таълим кўргазмаларини ўтказиш режасини тақдим қилди. Мазкур ташаббус халқаро таълим ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва мисрлик ёшлар учун хавфсиз ва истиқболли таълим йўналишларини кенгайтириш имкониятларини яратишга қаратилган.

Ўз навбатида, “Niche” компанияси Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий олий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда ҳамда бутун қабул жараёнини профессионал консалтинг даражасида қўллаб-қувватлашда тайёрлигини тасдиқлади.

Музокаралар натижасида томонлар ҳамкорлик бўйича меморандум имзолади. Ҳужжат мисрлик талабалар оқимини Ўзбекистон олийгоҳларига сезиларли даражада ошириш ва икки мамлакат тегишли идоралари билан биргаликда соддалаштирилган ва тезкор визавий ҳамроҳлик механизмларини жорий этишни таъминлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш