Ўзбекистон ва Ҳиндистон «рақамли дипломатия» соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамламоқда: бугун сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича курслар бошланди
Январ 19, 2026. 17:24 • 2 дақ
• 185
ТОШКЕНТ, 19 январь. /«Дунё» АА/. Бугун ўзбекистонлик дипломатлар учун сунъий интеллект (СИ) ва киберхавфсизлик бўйича ихтисослаштирилган онлайн курснинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ушбу таълим ташаббуси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ҳузуридаги Дипломатик академия ҳамда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Сушма Свараж номидаги Дипломатик хизмат институти ўртасидаги Ҳамкорлик меморандуми ижроси доирасида ҳамда икки мамлакат дипломатик миссиялари кўмагида амалга оширилмоқда.
Очилиш маросимида ЖИДУ Дипломатик академияси директори Абдусамад Ҳайдаров, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбоев, Сушма Свараж номидаги Дипломатик хизмат институти декани Раж Кумар Шривастава ва Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант иштирок этди.
Ўқув дастури уч кунга мўлжалланган бўлиб, интенсив ва амалий характерга эга. Курс давомида ҳиндистонлик экспертлар дипломатларга ўз фаолиятлари самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи замонавий воситаларни тақдим этади.
Машғулотлар бугунги кун дипломатиясининг ажралмас қисмига айланиб бораётган сунъий интеллект технологиялари ва киберхавфсизлик асосларини чуқур ўрганишга қаратилган. Интенсив дастур доирасида иштирокчилар катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш, рақамли таҳдидларни таҳлил қилиш ва халқаро жараёнларни прогноз қилишда СИ воситаларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлади.
Тадбирда таъкидланганидек, сунъий интеллект аллақачон «келажак технологияси» бўлишдан тўхтаб, халқаро сиёсатнинг таркибий қисмига айланди. Замонавий дипломат ўз давлатининг нафақат сиёсий, балки рақамли чегараларини ҳам ҳимоя қилишга тайёр бўлиши лозим.
Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси руҳидаги миллий ислоҳотларнинг авангарди ҳисобланган ёш дипломатлар томонидан янги технологияларни ўзлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу курснинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида изчил ривожланаётган ва янги мазмун билан бойиб бораётган стратегик шерикликнинг юқори даражасини ифодалайди. Хусусан, ахборот технологиялари соҳасида Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида ташкил этилган IT-парклар каби инфратузилмавий лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Мамлакатлар ўртасида яратилган «рақамли кўприк» Ҳиндистон инновациялари ва Ўзбекистон салоҳиятини уйғунлаштирган ҳолда, юртимизни Марказий Осиёнинг рақамли хабига айланишига хизмат қилмоқда.
Қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги изчил мулоқотнинг мантиқий давоми бўлиб, рақамли давр талабларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлашдан ҳар икки томон манфаатдор эканидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
