Logo

“Star” газетаси: Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши бутун ислом олами учун қувончли воқеага айланди

Январ 21, 2026. 09:50 • 6 дақ

45
“Star” газетаси: Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши бутун ислом олами учун қувончли воқеага айланди

АНҚАРА, 21 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг нуфузли “Star” газетасида Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқовнинг “Янги Ўзбекистоннинг юксалиб бораётган уфқи” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент бошчилигида маданий-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган муҳим ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши бутун ислом олами учун қувончли воқеа бўлди.

Ўзбекистонда таълим, маданият, илм-фан, санъат ва ёшларни тарбиялаш соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” ибораси бугунги кунда мамлакатда энг кўп қўлланиладиган тушунчалардан бирига айланди.

2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатида фаолият бошлаши билан мамлакатда нафақат сиёсий ўзгариш юз берди, балки халқ ва давлат ўртасидаги муносабатлар ва маданий муҳитда ҳам туб бурилиш даври бошланди.

Бу жараёнда Ўзбекистоннинг Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва барча туркий давлатлар билан алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилди. Туркий давлатлар ташкилоти, ТУРКСОЙ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди.

Дунёда иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар кўп. Лекин уларнинг ҳаммасида ҳам маънавият, ахлоқ ва маданий қадриятларни асраб-авайлашга бирдек устувор аҳамият қаратилмайди. Ўзбекистон эса тараққиётга эришишда нафақат иқтисодий ислоҳотлар, балки маданий ва маънавий юксалиш ҳам жуда муҳим эканлигини чуқур англайди.

Шу боис ҳам таълим, маданият, фан, санъат ва ёшларларни тарбиялаш соҳасида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш” ибораси эса бугунги кунда мамлакатда энг кўп қўлланиладиган тушунчалардан бирига айланди.

“Star” газетасида таъкидланишича, тарихда Ўзбекистон заминида икки буюк Уйғониш даврига (Биринчи ва Иккинчи Ренессансга) асос солинган. Бу ердан етишиб чиққан Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муин Насафий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Бобур каби алломалар инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахслар ҳисобланади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига асосан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мегалойиҳа сифатида дунёга келди. Ушбу Марказ маданий меросни асраш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий маданий-маърифий марказларни ривожлантиришда муҳим қадам ўлароқ тарихга кирди.

 Ўтган саккиз йил давомида бу ерда улкан ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Давлат раҳбари шу пайтга қадар Марказга жами ўн марта шахсан ташриф буюрди ва унинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ўндан ортиқ Фармон, қарор ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

“Марказ биносининг узунлиги 161 метр, кенглиги 118 метр бўлиб, уч қаватдан иборат. У қадимий меъморчилик анъаналари ва миллий нақшлар уйғунлигида лойиҳалаштирилган. Тўрт томонида баландлиги 34 метр бўлган айвонлар, марказида эса 65 метр баландликдаги маҳобатли гумбаз қад ростлаган. Марказнинг юрагида “Қуръони Карим зали” жойлашган бўлиб, у ерда мусулмон дунёсининг энг қимматли маънавий хазиналаридан бири — қадимий Усмон Мусҳафи намойиш этилади. Шу билан бирга, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврига оид муқаддас китоб нусхалари, чиғатой тилидаги таржималар ва нодир Қуръон қўлёзмалари ҳам ўрин олади”, дея маълумот келтирилган газетада.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунё музейлари ва коллекцияларида сақланаётган тарихий меросини аниқлаш, ўрганиш ва қайтариш бўйича йирик дастурни амалга оширмоқда. Мамлакат мутахассисларидан иборат делегация Саудия Арабистони, Италия, Испания, Франция, Германия, Швейцария, Туркия, Буюк Британия, Россия, Малайзия, Покистон, Кувайт каби давлатлардаги юздан ортиқ кутубхона, музей ва маданий марказларда бўлиб, Ўзбекистонга тегишли асарларни аниқлади. Буюк Британиядаги “Sotheby's”, “Christie's” аукцион уйлари, шахсий коллекциялар, галереялар ва арт-дилерлардан 580 дан ортиқ тарихий буюм сотиб олинди. Ушбу бебаҳо артефактларни юртимизга қайтариш учун Ўзбекистон Ҳукумати томонидан катта маблағ ажратилди.

Бинобарин, бугун Марказ экспозициясини Британия коллекцияларидан сотиб олинган сўғд тўқимачилик маҳсулотлари безаб турибди. Ушбу 25 та нодир экспонат ўз қиммати ва қамровига кўра, жаҳондаги энг йирик сўғд матолари коллекцияси ҳисобланади.

2025 йилнинг май ойида “Christie's” аукционида савдога чиқарилган Салжуқийлар даврига оид 35 та бежирим заргарлик намунаси ҳам Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди. Шунингдек, Амир Темур ва Темурийлар даврига оид асарлар дунё антиквариат бозорида бениҳоя қадрланади. Масалан, “Christie's” аукционида Шоҳрух Мирзо даврига оид “Меърожнома” асарининг атиги бир саҳифаси жуда катта маблағ эвазига сотилди.

Шунингдек, Амир Темурнинг буйруғи билан кўчирилган улкан Қуръон нусхасининг бир қисми, Темурийлар даврига оид чопон, Ибн Синонинг “Китоб уш-шифо” асари, Бобурийлар даврига оид ҳужжатлар ва миниатюралар мамлакатга қайтарилди. Президентимиз топшириғи билан Бобурийлар даврига оид иккита Қуръон қўлёзмаси, Жалолиддин Румий “Маснавий”сининг нусхаси, бобурий ҳукмдор ва шаҳзодаларнинг 10 га яқин миниатюралари, каштачилик ва тўқимачилик намуналари келтирилди. Улар орасида, тарихий манбаларга кўра, Бобур Мирзога тегишли бўлган хирқа ҳам бор.

Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”дан бошлаб, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” ва “Янги Ўзбекистон” давригача бўлган тарихий саёҳат тақдим этилади. Масалан, экспозицияда Афросиёб ва Далварзинтепадан топилган шахмат доналарини кўриш мумкин. Бу топилмалар Ўзбекистонни шахмат ватанидан бири эканини ифодалайди. Шунингдек, Ургутнинг Мўминобод қишлоғидан топилган 3300 йиллик най эса бизнинг заминимизда мусиқа санъати ҳам неча минг йиллик тарихий анъаналарга эга эканини тасдиқлайди.

Муаллиф қайд этишича, марказнинг учинчи қаватида 350 минг босма китоб ва 5 миллион рақамли манбага эга замонавий кутубхона жойлашган. Шунингдек, бу ерда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, АЙСЕСКО, ИРСИКА ва дунёнинг кўплаб мамлакатлари илмий институтларининг офислари фаолият кўрсата бошлайди. Болалар учун махсус кўргазма ва таълим майдончалари ҳам мавжуд.

Марказда илмий тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Бу ерда ўтказилган Биринчи олимлар форумида 500 га яқин мутахассис иштирок этиб, 600 дан ортиқ таклифлар билдирилганди. Марказ ҳузурида таниқли олимлардан иборат кенгайтирилган Илмий кенгаш ҳам тузилган бўлиб, ҳозирга қадар унинг қирққа яқин йиғилиши ўтказилди ва уларда Марказ фаолиятига дахлдор 200 га яқин масала кўриб чиқилди..

 Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” мавзусидаги халқаро конгрессда 40 дан ортиқ давлатдан 350 дан зиёд олим қатнашди. Якунда жами 170 та лойиҳа ва 200 та таклиф қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида Марказга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, АЙСЕСКО Бош директори Салим ал-Малик, ИРСИКА Бош директори Маҳмут Эрол Қилич ва Бутунжаҳон Ислом уюушмаси раиси Абдулкарим ал-Исо каби кўплаб мартабали меҳмонлар ташриф буюрди.

Мухтасар айтганда, Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган ҳар бир киши ушбу заминнинг дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини ўзи учун кашф этар экан, қалбида чуқур ҳайрат туйғусини ҳис қилади. Зеро, Марказ нафақат бир меъморий обида, балки Янги Ўзбекистоннинг руҳияти, уфуқлари ва янгиланиш иродасини ифодаловчи бебаҳо маданият масканидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш