Дипломатларимиз Марсель ва Авиньон шаҳрида қатор келишувларга эришди
Март 07, 2026. 13:40 • 3 дақ
• 81ПАРИЖ, 7 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Франциянинг Марсель ва Авиньон шаҳарларига ташриф буюриб, қатор шбилармонлик учрашувлари ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Марсель шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Марсель Прованс Савдо-саноат палатаси (CCIAMP) раҳбарияти билан суҳбат ўтказилди. Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Прованс–Алп–Лазур қирғоқлари ҳудуди ўртасидаги минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, француз компанияларининг Ўзбекистон бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш ва қўшма бизнес тадбирларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Прованс-Алп-Лазур қирғоқлари минтақаси президенти Рено Мюзелье билан суҳбатда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Тошкент вилояти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келгусида Прованс-Альп-Лазур қирғоқлари минтақаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Франция Кичик ва ўрта корхоналар конфедерациясининг минтақавий бўлими – “CPME Sud” директори Ален Гаргани билан учрашувда икки давлат ўртасида кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар бизнес-миссиялар ташкил этиш, компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда саноат, хизматлар, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларида шерикликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
“CIS Group” компанияси бош директори Ян Морилон билан суҳбатда компаниянинг Ўзбекистондаги саноат, энергетика ва тоғ-кон объектларига хизмат кўрсатиш лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон дипломатлари сафар доирасида Франциянинг Прованс шаҳрида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация инфратузилмаси соҳасидаги етакчи операторларидан бири “Société Canal de Provence” компаниясига ташриф буюрди. Компания вакиллари билан суҳбатда Ўзбекистон ҳудудларида ирригация тизимларини модернизация қилиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзаро мулоқот давомида барқарор сувдан фойдаланиш технологиялари ва замонавий ирригация ечимларини жорий этиш соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни кўриб чиқишга келишиб олинди.
Авиньон шаҳрида “Марказий Осиё кунлари” лойиҳаси координатори Натали Конио-Ковен билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Францияда ўзбек маданияти ва санъатини кенг тарғиб қилиш, жумладан, Авиньон фестивалида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида 2027 йилда Авиньонда “Ўзбекистон кунлари”ни ўтказиш ҳамда минтақа маданий тадбирларида ўзбек вакилларининг иштирокини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Марсель шаҳрида “Théâtre des Calanques” театри директори Серж Нойел билан учрашув ташкил этилди. Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Франция театр муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Театр жамоалари алмашинуви, гастроллар, қўшма саҳна асарларини тайёрлаш, режиссёрлар, актёрлар ва техник мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
“UP13” корхоналар уюшмаси президенти Филипп Корчия билан мулоқотда Ўзбекистон ва Прованс-Альп-Лазур қирғоқлари минтақаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ўғитлар ишлаб чиқариш, инфратузилма, ахборот технологиялари, сув таъминоти ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


