Ўзбекистон вакили “UNESCO 80” ёшлар ташаббусида иштирок этди
Сентябрь 08, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 78ПАРИЖ, 8 сентябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида “UNESCO 80” жараёни доирасида ташкил этилган “XXI аср аёллари ва эркакларининг онги ва руҳиятида янги тинчлик маданиятини барпо этиш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон вакили, ЮНЕСКО 14-Ёшлар форуми иштирокчиси ҳамда халқаро ёшлар консультациясини ўтказишга кўмаклашган Рухсора Шакирова ҳам онлайн равишда қатнашди.
Консультациялар жорий йилнинг ёзида Франция кўмагида бўлиб ўтди ва унда 135 давлатдан 145 нафар ёш етакчи бирлашди. Сессиялар якунлари бўйича “Ёшларнинг янги тинчлик маданиятига даъвати” ва “Ёшларнинг мулоҳазалари ҳужжати” тайёрланди.
Иштирокчилар тинчликни мустаҳкамлашда ёшларнинг ролини кенгайтириш, ёшлар ва сунъий интеллект масалаларига халқаро ёндашувларни татбиқ этиш, таълимда мулоқот маданиятини тарғиб қилиш ҳамда вояга етмаганларни зарарли рақамли контентдан ҳимоялаш бўйича таклифлар тақдим этди.
Тадбир ЮНЕСКО бош директори Халед аль-Анани ва Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро раҳбарлигида бўлиб ўтди. Модераторлар тинчликни мустаҳкамлашда ва ЮНЕСКО фаолиятининг асосини ташкил этувчи “тинчлик руҳияти”ни янада ривожлантиришда ёшлар иштирокининг муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг “UNESCO 80” консультация жараёнидаги иштироки мамлакатимиз ёшларини ЮНЕСКО фаолиятининг келажакдаги йўналишлари ва тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги мандатини амалга оширишда ёш авлоднинг ролига бағишланган халқаро муҳокамаларга фаол жалб этишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

