Logo

2026 йилда “AFUH” ва “HUITM” томонидан Ўзбекистонда ҳам халқаро Ҳаж ва Умра кўргазмалари ташкил этилади

Январ 26, 2026. 12:26 • 2 дақ

95
2026 йилда “AFUH” ва “HUITM” томонидан Ўзбекистонда ҳам халқаро Ҳаж ва Умра кўргазмалари ташкил этилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 26 январь. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг “Bernama” ахборот агентлиги “2026 йилда “AFUH” ва “HUITM” сайёҳлик ташкилотлари олти мамлакатда, жумладан, Ўзбекистон ва Малайзияда халқаро Ҳаж ва Умра кўргазмаларини ташкил этишни режалаштирмоқда” номли мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

АСЕАН (Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси) мамлакатлари Умра ва Ҳаж федерацияси “AFUH” Ҳаж ва Умра халқаро саёҳат бозори “HUITM” билан ҳамкорликда ислом туризми соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда алоқаларни кенгайтириш мақсадида халқаро зиёрат кўргазмаларини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Куала-Лумпурда бўлиб ўтган матбуот анжуманида “AFUH” президенти Моҳд Холид Харун “HUITM 2026” халқаро кўргазмалари олтита мамлакатда ўтказилишини, биринчи манзил сифатида Малайзия танланганини таъкидлади. 

Соҳа мутахассисларининг маълумот беришича, “HUITM 2026” кўргазмалари шу йилнинг 18 июнь куни Куала-Лумпурда, 23 июнь куни Индонезияда, 27–28 июнь кунлари Ўзбекистонда, 2 июль куни Марокашда, 11–12 июль кунлари Туркияда ва 13 сентябрь куни Қозоғистонда ташкил этилади.

Матбуот анжуманида “HUITM 2026” ташкилотчилари Хакан Сахин, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев, Ўзбекистон Умра зиёрат туристик агентликлари ассоциацияси президенти Шерзод Сами ва бошқа мутасаддилар мазкур кўргазмаларининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

“HUITM 2026” кўргазмалари Ўзбекистон ва бошқа иштирокчи мамлакатларнинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш этиш, “Умра ва Ҳаж” туроператорлари, меҳмонхоналар, ҳалол ресторанлар ва авиакомпаниялар ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

“AFUH” президенти Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида улкан салоҳиятга эга эканини ва Малайзиянинг “Умра ва Ҳаж” туроператорлари учун Марказий Осиёдаги асосий стратегик ҳамкорга айланиши мумкинлигини қайд этди.

Тадбир доирасида илк бор зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида АСЕАН Умра ва Ҳаж мамлакатлари федерацияси ва Ўзбекистон Умра зиёрат туристик агентликлари уюшмаси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш