Logo

Миср ОАВ: Сунъий интеллект инсон ўрнини босувчи ёки унинг тақдирини назорат қилувчи қуролга айланмаслиги керак

Январ 26, 2026. 12:29 • 3 дақ

43
Миср ОАВ: Сунъий интеллект инсон ўрнини босувчи ёки унинг тақдирини назорат қилувчи қуролга айланмаслиги керак

ҚОҲИРА, 26 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназарнинг “Сунъий интеллект: тараққиёт имкониятлари ва шаръий масъулият” сарлавҳали мақоласи Миср ОАВда кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Мисрнинг нуфузли “Al-Diplomasi” АА ва “Al-Xabar al-Yaum” ААда ҳам Ўзбекистон муфтийсининг мақоласи араб тилида эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, бугунги кунда дунёда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида жадал ривожланмоқда. Бу технологиялар иқтисод, таълим, маданият, ОАВ ва давлат хизматлари каби ҳаётнинг турли жабҳаларида кенг қўлланилмоқда. Ушбу кенг кўламли ўзгаришлар шароитида сунъий интеллектни ахлоқий ва диний нуқтаи назардан ўрганишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.

Шу маънода, олимлар сунъий интеллект инсон ақли ва ижодининг маҳсули эканини таъкидлайди. Бугунги кунда электрон ҳукумат, ақлли шаҳарлар, ўз-ўзини бошқарувчи транспорт воситалари, учувчисиз ҳаво қурилмалари каби кўплаб инновацион тизимлар айнан сунъий интеллект асосида ишламоқда.

Бироқ бу тараққиёт қанчалик катта фойда олиб келмасин, у муайян қийинчилик ва эҳтимолий хатарлардан холи эмас. Шу боис, сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солиш, уни назорат қилиш ва салбий оқибатларини камайтиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни кўриш талаб этилади. Айниқса, дин ва фатво билан боғлиқ нозик соҳаларда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим.

“Фиқҳий академиялар ва илмий анжуманларда иштирок этган олимлар ҳамда тадқиқотчиларнинг якдил фикрича, сунъий интеллект шаръий маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, таснифлаш ва уларга етишни осонлаштиришда ёрдамчи восита бўлиши мумкин. Бироқ унга шаръий ҳукмларни мустақил равишда чиқариш ёки фатво беришда тўлиқ таяниш жоиз эмас”, дея фикр билдиради муаллиф.

Фатво бериш учун малакали фақиҳнинг бевосита иштирок этиши шарт бўлиб, ҳукмлар инсон ҳолати, замон, макон, урф-одатлар, ижтимоий ва иқтисодий шароитларга қараб фарқ қилади. Бу каби нозик инсоний омилларни сунъий интеллект мустақил равишда тўлиқ англай олмайди. Ислом қоидаларига кўра, фатво берувчи шахс масъул ва мукаллаф бўлиши керак, бу эса техник тизимларда топилмайди. 

Сунъий интеллект фатво беришда асосий эмас, фақат ёрдамчи восита бўлиб хизмат қилади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига мувофиқдир: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси, 43-оят). Шу маънода, ҳукм чиқариш ва шаръий масъулиятни олишда сўзсиз ишончли олимлар асосий манба ҳисобланади.

Мутахассислар инсон сунъий интеллектни ривожлантириш жараёнининг марказида қолиши кераклигини ҳамда бу технологиялар мустаҳкам ахлоқий ва қадриятларга оид тамойиллар асосида бошқарилиши лозимлигини таъкидлайди. Чунки технология ўз-ўзидан мақсад эмас, балки инсонга хизмат қилиш ва унинг ишларини осонлаштириш воситасидир. У инсон ўрнини босувчи ёки унинг тақдирини назорат қилувчи қуролга айланмаслиги керак.

Шу нуқтаи назардан, асосий вазифа сунъий интеллектни диний талаблар, ҳуқуқий меъёрлар ва миллий қадриятлар билан мос равишда қўллашдан иборатдир. Бу эса шаръий ва инсоний масъулиятга зарар етказмаган ҳолда, билим ва технологиялар ривожини таъминлашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, агар сунъий интеллект оқилона ва аниқ меъёрлар асосида қўлланилса, у инсон ҳаётининг турли соҳаларида жамият учун катта ёрдам бўлиши мумкин. Ислом оламидаги диний ва илмий муассасалар, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда исломий маърифатни тарғиб этиш, дин ва илм ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий глобал муаммоларга ечим топишга ўз ҳиссасини қўшишга доимий тайёр.

Энг олий мақсад эса илм-фан ва технология неъматларини инсоният манфаати йўлида сафарбар этиш, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг асоси бўлган ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашдан иборат.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш