Фарғоналик ишбилармонлар Фошань ва Гуанчжоу шаҳрига ташриф буюрди
Январ 26, 2026. 10:41 • 45 сония
• 107ГУАНЧЖОУ, 26 январь. /“Дунё” АА/. Фарғона вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорлардан иборат делегация Хитойнинг Фошань ва Гуанчжоу шаҳарларида бўлиб, турли бизнес-семинарларда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фошань муниципалитетининг иқтисодий бошқармаси ва Савдо-саноат палатасида ўтказилган музокаралар давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди.
Томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш, янги инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш, шаҳарлараро ҳамкорлик битимини имзолаш масалаларини муҳокама қилди.
Ҳудуднинг “Foshan Famous”, “KORRA”, “XINDA CLOVER”, “CEBR Global Village Service”, “Ronhunt Holdings PTE” ва “Guandong Team Value Design&Construction” каби етакчи компаниялари билан электротехника, қурилиш материаллари, мебель, хўжалик кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Фарғона вилоятининг салоҳияти ва ҳудуднинг инфратузилмаси билан танишиш мақсадида компания вакилларидан иборат гуруҳларнинг шу йил апрель-июнь ойларида бизнес-миссияларини амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





