Logo

Покистон ОАВ: Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ишончли ва мустаҳкам кўприкка айланмоқда

Январ 26, 2026. 10:30 • 3 дақ

67
Покистон ОАВ: Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ишончли ва мустаҳкам кўприкка айланмоқда
Покистон ОАВ: Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ишончли ва мустаҳкам кўприкка айланмоқда
Покистон ОАВ: Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик ишончли ва мустаҳкам кўприкка айланмоқда

ИСЛОМОБОД, 26 январь. /“Дунё” АА/.   Покистоннинг марказий “Associated Press of Pakistan”, “Diplomatice News Agency”, “Daily Independent”, “The Daily Spokesman”, “Pakistan In the World”, “Global News Pakistan”, “The Gulf Observer”, “Islamabad Post”, “Media Online Today”, “Diplomatic Аffairs”, “CPEC News” каби ОАВда “Ўзбекистон – Покистон: минтақавий барқарорлик ва интеграция сари стратегик ҳамкорлик” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолаларда шу йил 23 январь куни Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон–Покистон: минтақалар ўртасида кўприклар барпо этиш орқали ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратиш” мавзусида муҳим давра суҳбати бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Қайд этилишича, ушбу тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга бўлажак давлат ташрифи арафасида ташкил этилиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мазмунан бойитишга қаратилган экспертлик мулоқоти учун муҳим майдон вазифасини бажарди, дейиш мумкин.

“Географик жойлашуви, иқтисодий ва маданий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Покистон бугун Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатида намоён бўлмоқда, – дейилади мақолада. – Минтақавий хавфсизлик ва логистика архитектураси ўзгариб бораётган бир шароитда, бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда икки дўст ўлка муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2021 йилда стратегик шерикликнинг расмийлаштирилиши икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги даражага чиққанидан далолат беради. Бугун бу ҳамкорлик фаол сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, инвестициялар оқимининг ортиши ҳамда маданий-гуманитар алмашинувнинг фаоллашуви билан ажралиб турмоқда”.

Айниқса, 2025 йил февраль ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳамкорликнинг янги уфқларини очди. Ташриф доирасида савдо, транспорт, фан ва таълим, маданият ҳамда хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олди.

Нашрларда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида Карачида “UzbekPak International Trading Centre” савдо уйи ва “UzbekPak Cultural Centre” маданият марказининг очилиши муҳим институционал қадам бўлгани маълум қилинган. Ушбу майдонлар нафақат саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини илгари суриш, балки халқлар ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

“Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон – Покистон алоқаларининг яна бир устувор йўналишидир. “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” трансафғон темир йўли лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик транспорт йўлаги сифатида катта салоҳиятга эга. Тошкент ва Карачи ўртасида авиаюк ташувларини ривожлантириш, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эришилган келишувлар ҳам амалий аҳамият касб этмоқда”, – дея қайд этган Покистон ОАВ. 

Маълум қилинишича, давра суҳбатида ана шу долзарб масалалар муҳокама қилиниб, стратегик шерикликнинг янги сифат босқичига оид ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда савдо, транспорт, таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларида аниқ ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имконият яратди. Анжуман доирасида Ўзбекистон ва Покистоннинг таҳлилий, илмий ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Мақолалар хулосасида “Давра суҳбати доирасида олий даражадаги мулоқот кун тартибига киритиш учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, Покистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди. Иштирокчилар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик бугун ишонч, прагматизм ва умумий манфаатларга асосланган мустаҳкам кўприкка айланаётганини якдил таъкидлади”, – деб ёзилган мақолаларда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш