Logo

Ашхободда туркий тилларнинг бой анъаналари эътироф этилди

Январ 26, 2026. 11:09 • 2 дақ

81
Ашхободда туркий тилларнинг бой анъаналари эътироф этилди
Ашхободда туркий тилларнинг бой анъаналари эътироф этилди
Ашхободда туркий тилларнинг бой анъаналари эътироф этилди

АШХОБОД, 26 январь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Ашхобод шаҳридаги элчихонасида “Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни”га бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон элчихоналари вакиллари, туркман жамоатчилиги ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Мулоқот давомида элчихоналар дипломатлари туркий давлатларнинг узоқ йиллик биродарлик, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлиги борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Миллий қадрият ва анъаналар, санъат ва маданият видеороликлар орқали намойиш этилди.

Ўзбекистон элчихонаси вакили ўз нутқида 2025 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси доирасида

15 декабрь санасини “Бутунжаҳон туркий тиллар оиласи куни” деб эълон қилиш тўғрисидаги муҳим қарор қабул қилинганини таъкидлади. Бу қарор туркий халқларнинг кўп асрлик маданий-маънавий мероси, бой тил анъаналари ва умуминсоний тамаддун тараққиётига қўшган ҳиссасининг халқаро миқёсда эътирофи эканини кўрсатади.

Ушбу қарорнинг минг йиллар давомида илм-фан, маданият ва тиллар мулоқоти маркази бўлиб келаётган Самарқандда қабул қилиниши алоҳида рамзий маъно касб этади.

Тадбирда Ўзбекистон заминининг туркий тил ва тафаккур ривожидаги тарихи ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ижоди туркий тилни давлат, адабиёт ва фалсафа тили даражасига кўтариб, уни жаҳон маданияти хазинасига олиб киргани урғуланди.

Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари туркий тилнинг бадиий ва маънавий имкониятларини илмий асосда намойиш этган. Бу йили мамлакатимизда Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллик юбилейи кенг нишонланиши ҳақида ахборот берилди.

Ўзбекистон замини Мирзо Улуғбек каби буюк олимлар фаолият юритган ва илмий атамашунослик ривожланган макон сифатида ҳам туркий маданий меросда муҳим аҳамият касб этади. Улуғбек расадхонасида юзлаб илмий атамалар туркий тилда тизимлаштирилиб, жаҳон илмий тафаккурига хизмат қилган.

Тадбирда туркий тилларнинг нафақат мулоқот воситаси, балки халқлар тарихини, тафаккури, қадриятлари ва маънавий дунёси ифодалаши қайд этилди. Бугунги глобаллашув даврида ушбу тилларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш барча туркий халқларнинг умумий масъулияти экани таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш