Ўзбекистон Президенти Нукус туманида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли даромадини ошириш борасидаги ишлар билан танишди
Сентябрь 18, 2026. 17:45 • 2 дақ
• 29
ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида бугун Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳудудда мингдан ортиқ оила, жами 3 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишга қаратилган.
Жорий этилган “Смарт маҳалла” тизими аҳоли мурожаатларини тезкор ҳал этиш, демографик маълумотларни аниқ юритиш ва инфратузилма ҳолатини электрон назорат қилиш имконини бериб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий инфратузилмани яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Инвестиция дастури доирасида 4,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 60 ўринли замонавий боғча фойдаланишга топширилди. Маҳаллий бюджетдан 1 миллиард сўм йўналтирилиб, футбол ва воркаут майдончалари барпо этилди.
Аҳоли даромадини оширишда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида асаларичилик асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ҳозирда маҳаллада 20 дан ортиқ хонадонда асалари боқилмоқда. Бир хонадонда 50-100 та асалари қутисидан йилига 1 тоннагача асал олиниб, даромад топилмоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада яшовчи Бахтияр Жубаев хонадонида бўлиб, асални қайта ишлаш цехи ва асалари қутиларини тайёрлаш жараёни билан танишди.
Бу ерда бир мавсумда 2 тонна қайта ишланган асал маҳсулоти сотилиб, йилига 200 миллион сўм атрофида фойда олинмоқда. Устахонада эса йилига 250 тадан ортиқ асалари қутиси тайёрланиб, қўшимча 80 миллион сўмгача даромад кўрилмоқда.
Йил якунига қадар Асаларичилар уюшмаси томонидан яна 100 та хонадонда кооперация асосида асалари боқишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу яна кўплаб оилаларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилади.
Президентимиз шу ерда ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Оролбўйини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан экани таъкидланди. Маҳаллаларда бошланган бундай хайрли ишлар кўлами кенгайтирилиб, уларни амалга ошириш суръати янада жадаллашиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси