Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29-Евроосиё иқтисодий саммити иштирокчиларига мурожаати
Май 12, 2026. 15:45 • 3 дақ
• 37
(2026 йил 12 май, Тошкент ш.)
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Евроосиё иқтисодий саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлаш ва энг эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят мамнунман.
Ўтган ўн йиллар давомида Саммит етакчи сиёсатчилар, ишбилармон доиралар ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирган муҳим мулоқот майдони сифатида ўзини намоён этди.
Анжуманнинг Истанбулда ўтказилиши алоҳида рамзий маънога эга. Асрлар давомида бу бетакрор шаҳар Европа ва Осиё ўртасида кўприк бўлиб, минтақалараро маданий ва савдо-иқтисодий алоқалар ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келади.
Бугунги кунда замонавий Туркияда Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг “Туркия асри” стратегик ғояси муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни истар эдим.
Туркия глобал кун тартибидаги долзарб муаммоларни самарали ҳал этиш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини тўлиқ сафарбар этиб, халқаро муносабатларнинг ишончли ва нуфузли иштирокчиси сифатида таъсири ортиб бормоқда.
Президент Эрдоғаннинг қатъий интилишлари туфайли бугун Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари кенг кўламли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг устувор йўналишлари Евроосиё иқтисодий саммитининг асосий мақсадлари – тенг ҳуқуқлилик, ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланган кенг қамровли шериклик ва барқарор тараққиёт тамойилларига тўла мос келади.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Бу галги Саммитнинг асосий мавзуларидан бири сифатида сув танқислиги ва “яшил” ресурслар шароитида глобал масъулият масаласи бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Дунё тобора авж олаётган иқлим хавф-хатарларига, хусусан, чўлланиш, тупроқ емирилиши, сув танқислиги ва экологик вазият ёмонлашувига дуч келмоқда.
Марказий Осиёда ушбу жараёнлар айниқса кескин намоён бўляпти: ҳарорат ошиш суръатлари кўрсаткичи жаҳон миқёсидаги ўртача меъёрлардан юқори бўлиб, музликлар емирилмоқда, тупроқ деградацияси кучаймоқда.
Бундай шароитда экологик барқарорликни таъминлаш Янги Ўзбекистонни тараққий эттиришнинг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилмоқда, Орол денгизининг қуриган тубида эса улкан яшил ҳимоя майдонлари яратилмоқда.
Биз ривожланишнинг яшил моделига изчиллик билан ўтмоқдамиз, бу жараёнда зарарли чиқиндилар ҳажмини 35 фоизга қисқартириб, 2035 йилга қадар уларни 50 фоизгача камайтиришни мақсад қилиб олганмиз.
Шу билан бирга, сув ресурсларини самарали бошқариш, жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса ҳар йили катта миқдорда сув захираларини тежаш имконини беради.
Ўзбекистон бундан буён ҳам “яшил” кун тартибини фаол илгари суриш ҳамда глобал экологик хавфларни самарали ҳал этиш йўлларини топишга ҳисса қўшишни фаол давом эттиради.
Шу муносабат билан сизларни мамлакатимиздаги халқаро тадбирларда, хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган Глобал экологик жамғарма Ассамблеясида ва Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга таклиф этаман.
Ишончим комил, биргаликда амалга ошириладиган саъй-ҳаракатларимиз халқаро иқлим ҳамкорлиги кун тартибига, жумладан, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича бўлажак конференциясига тайёргарлик жараёнига амалий ҳисса қўшади.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Ўзбекистон кенг кўламли ҳамкорлик учун доим очиқ ва келгусида ҳам барқарор ривожланишни таъминлашга кўмаклашишга тайёр.
Биз барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ҳолдагина бугунги ва келгуси авлодлар учун фаровон келажакни таъминлай оламиз.
Саммит қатнашчилари фаолиятига омад ва катта амалий натижалар ёр бўлишини тилайман.
Эътиборингиз учун ташаккур.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




