Ўзбекистон ва Россия Президентлари икки томонлама кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар
Март 24, 2026. 18:33 • 2 дақ
• 75
ТОШКЕНТ, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 10 фоизга ўсиб, 13 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса яна 32 фоизга кўпайди.
Саноат, энергетика, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида йирик кооперация лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг самарали фаолиятига юксак баҳо берилди.
Томонлар кооперациянинг янги шакл ва лойиҳаларини илгари суриш учун самарали майдонга айланган “ИННОПРОМ Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг навбатдагисини жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказишга фаол тайёргарлик кўраётгани таъкидланди.
Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Украинадаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Бўлажак тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси