Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига мурожаати
Апрель 20, 2026. 11:17 • 7 дақ
• 92(2026 йил 20 апрель)
Ассалому алайкум, ҳурматли форум иштирокчилари!
Муҳтарам меҳмонлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Сизларни Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий нарко-таҳдидларга қарши курашиш форумида самимий қутлашдан мамнунман.
Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз!
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги анжуманда иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори ўринбосари – Бо Матиасен жанобларига, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори – Тедрос Адханом Гебреисус жанобларига, Халқаро наркотикларни назорат қилиш қўмитаси Бош котиби – Стефано Бертераме жанобларига, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларига, хорижий ҳукуматлар аъзоларига, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, шунингдек, барча меҳмонларимизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Бугунги таҳликали замонда дунё ҳамжамиятининг янада қатъият билан биргаликда ҳаракат қилиши ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
Кун сайин уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари пайдо бўлаётгани – инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўламини кенгайтирмоқда.
Бу жараёнлар нафақат мамлакатлар хавфсизлигига, балки, энг қимматли бўлган – инсон ҳаёти ва саломатлиги, одамларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Бугун наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бораётгани – хавф-хатарларни янада кучайтирмоқда.
Айниқса, жиноий гуруҳларнинг шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланаётгани – наркотикларга қарши курашишда биздан замонавий ечим ва ёндашувларни талаб қилмоқда.
Бугун аҳоли, айниқса, ёшлар орасида янги синтетик наркотиклар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар кенг тарқалаётгани ҳам барчамизни чуқур ташвишга солиши табиий.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига кўра, дунёда 300 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолган.
Ҳар йили 600 мингга яқин инсон ушбу иллатнинг қурбонига айланмоқда.
Бугунги глобаллашув шароитида бундай хавф-хатар барча давлатлар қаторида Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Шу боис, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва нарко-жиноятларга қарши курашиш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантириб,барча куч ва воситаларни сафарбар қиляпмиз.
Сўнгги йилларда соҳада идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профилактика механизмларини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Айниқса, 2024 йилда наркотикларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилингани, бу борадаги энг катта қадам бўлди.
Бундай саъй-ҳаракатларимиз ҳисобига сўнгги йилларда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробарга ошди, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробарга, йўқ қилинган синтетик наркотиклар 7 баробарга кўпайди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 мингдан зиёд нарко-жиноят фош этилди, қарийб 3,5 тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 120 килограмм синтетик наркотиклар йўқ қилинди, 14 та яширин нарко-лаборатория ва 72 та йирик интернет-дўкони фаолиятига чек қўйилди.
Айни пайтда, шуни айтиш керак-ки, бундай жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилаётгани, асосий хавф гуруҳини 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилаётгани, бу иллатнинг аҳоли генофондига нақадар катта таҳдид эканлигини кўрсатиб турибди.
Халқимизда “бир бола йўлдан чиқса – жамият издан чиқади”, деган ҳикматли гап бор.
Шу маънода, бир фарзанднинг гиёҳвандлик тузоғига тушиб қолиши, бу нафақат унинг оиласи, яқинлари, балки бутун бир маҳалла учун фожиа.
Шунинг учун, Ўзбекистонда бунинг оқибатлари билан курашибгина қолмай, ёшларимизнинг гиёҳвандлик чангалига тушиб қолишини олдини олиш бўйича катта тарғибот кампаниясини бошлаганмиз.
Бу ишларда фахрийларимиз, нуроний отахон ва онахонларимиз, маҳаллада обрў-эътибор қозонган фаоллар, жамоатчилик вакиллари бош-қош бўлаяётгани ўзининг натижасини бермоқда.
Биз буни изчил давом эттириб, оила, маҳалла, мактаб, техникум, олийгоҳларнинг ўрни ва ролини янада кучайтириш бўйича алоҳида дастурларни амалга ошираяпмиз.
Асосий ниятимиз – ёшларимизни бундай хатарлардан асраш, уларни илм, билим ва эзгу мақсад сари йўналтиришдир.
Яқинда ташкил этилган “Анти-Нарко” волонтёрлик ҳаракати қисқа вақт ичида 17 мингдан ортиқ ёшларни бирлаштирди.
Барча ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида наркотиклар тарқалишининг олдини олишга қаратилган “AI Hackathon” миллий лойиҳасини бошладик.
Ҳеч шубҳасиз, бу ишларимиз ёшларда гиёҳванд моддалар истеъмолига қарши мустаҳкам иммунитет, нарко-жиноятларга нисбатан муросасиз муҳит яратишга хизмат қилади.
Ўтган йили мамлакатимиз Осиё давлатлари орасида биринчилар қаторида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг “CHAMPS” ташаббусига қўшилди.
Ушбу дастур вояга етмаганлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва наркотикларга қарши янада самарали курашишда катта ёрдам бермоқда.
Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!
Гиёҳвандликка қарши кураш – бу фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулияти ва мажбуриятидир.
Ўзбекистон наркотикларга қарши курашиш борасида 50 дан ортиқ давлат ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Биз бу алоқаларни – минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш ҳамда халқлар ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кўприк деб биламиз.
Ҳозирги кунда, наркотиклар савдоси замонавий технологиялар, ноқонуний молиявий оқимлар, трансмиллий уюшган жиноятчилик тармоқлари билан чуқур боғланиб кетганини яна бир бор таъкидламоқчиман.
Бу хавфларга қарши курашиш, нарко-жиноятларни олдини олиш бўйича қуйидаги ташаббусларни илгари сурамиз.
Биринчидан, трансмиллий нарко-жиноятларга қарши курашишда тезкор ахборот алмашинуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу боис, барча иштирокчи давлатлар ҳуқуқ тартибот идоралари маълумотлар базасини бирлаштирадиган, сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган ягона рақамли платформани ишга туширишни таклиф этамиз.
Бу платформа нарко-трафик йўналишларини барвақт аниқлаш, хавфли юклар ҳаракатини эрта босқичда фош этиш, трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятини реал вақт режимида кузатиб боришга хизмат қилиши керак.
Иккинчидан, нарко-бизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу – миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир.
Жиноий маблағларни ювишни энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.
Нарко-бизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг “молиявий артерия”ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади.
Шунинг учун крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарур.
Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган, уни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган “халқаро рақамли қора код” тизимини жорий қилишни таклиф этаман.
Учинчидан, кўриб турибсизлар, кундан-кунга синтетик наркотикларнинг янги-янги турлари пайдо бўлмоқда.
Шу боис, доимий мулоқот майдонини ишга тушириб, синтетик наркотикларга ружу қўйган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда яратиб боришни таклиф қиламиз.
Тўртинчидан, гиёҳвандликка чалинганларнинг тиббий реабилитацияси бўйича тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясини ташкил қилсак, ўйлайман-ки, қўллаб-қувватлайсиз.
Ушбу ташкилотнинг Бош офисини Самарқанд шаҳрида жойлаштиришга тайёрмиз.
Бешинчидан, бугун айрим ҳудудларда наркотик етиштиришва тарқатиш иқтисодий имкониятлар чеклангани, иш ўринлари етишмаслиги ва ижтимоий тенгсизлик оқибатида сақланиб қолмоқда.
Шу боис, нарко-трафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун “махсус ривожланиш дастури”ни ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Бунда гиёҳванд моддалар етиштиришга мойил ҳудудлардаги расмий иқтисодиётга фаол инвестициялар киритиш орқали аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолини жиноий иқтисодиётга қарамлигини камайтириш бўйича комплекс чоралар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Бундай дастур фақат грант ёки ёрдам эмас, балки халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти сифатида кўрилиши керак.
Ҳурматли дўстлар!
Бугунги тадбиримизда ҳамкор давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлардан 500 га яқин иштирокчи қатнашмоқда.
Мазкур анжуманда илгари суриладиган таклиф ва ташаббуслар инсониятга, миллатлар генофондига таҳдид солаётган наркотиклар муаммосига қарши бирлашиш йўлида янги қадам бўлади.
Бу борада Ўзбекистоннинг позицияси қатъий: биз ушбу таҳдидларга қарши курашишда ҳеч қачон иккиланмаймиз, чекинмаймиз, ортга қайтмаймиз!
Биз барча шерикларимизни ушбу глобал таҳдидга қарши амалий ҳаракатга чақирамиз!
Ишончим комил, форумда қабул қилинадиган Самарқанд декларацияси халқларимиз хавфсизлиги, саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда ушбу муҳим йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтиради.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, масъулиятли фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, форум ишига муваффақиятлар тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


