Logo

Андижон ва Иркутск вилоятлари амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Апрель 13, 2026. 17:30 • 2 дақ

121
Андижон ва Иркутск вилоятлари амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

ИРКУТСК, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Собиров бошчилигидаги делегация 10-13 апрель кунлари Россиянинг Иркутск вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида делегация Иркутск вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Роман Колесов билан кенгайтирилган музокаралар ўтказди. Унда вилоят ҳукумати, “Мой бизнес” маркази, минтақавий ривожланиш корпорацияси ҳамда Ўзбекистон компаниялари билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантираётган ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Роман Колесовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудлари МДҲ мамлакатлари орасида Иркутск вилоятининг асосий ташқи савдо шерикларидан бири бўлиб, экспорт ҳажми бўйича бешинчи ўринни эгаллайди. Унинг сўзларига кўра, ўзаро саъй-ҳаракатлар, шунингдек, анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари икки халқ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, Иркутск вилояти иқтисодий ривожланиш ва саноат вазири Виктор Цишковский Андижон вилояти делегациясининг ташрифи Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида имзоланган келишувни амалга оширишда муҳим қадам эканини қайд этди.

“Биз учун нафақат эришилган ҳамкорлик даражасини сақлаб қолиш, балки уни аниқ амалий лойиҳалар билан бойитиш муҳим аҳамиятга эга. Иркутск вилояти ўзбекистонлик ҳамкорларга саноат, инновациялар ва бошқа кўплаб соҳаларда ўз ваколатларини таклиф қилишга тайёр ва биз ҳамкасбларимизнинг кооперация алоқаларини чуқурлаштиришга бўлган самимий қизиқишини кўрмоқдамиз”, - деди Виктор Цишковский.

Шунингдек ўқинг

Қайд этиш жоизки, 2025 йил 22 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши доирасида Андижон ва Иркутск вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутувчи келишув имзоланган.

Музокара якунларига кўра, 2026 йил 20–22 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида Ўзбекистон ва Иркутск вилояти компаниялари ўртасида очиқ мулоқот ташкил этишга келишиб олинди.

Бундан ташқари делегация Иркутск вилоятининг Свирск шаҳрида жойлашган “Аккумуляторные технологии”, “ТМ Байкал” ва “Свирский гурман” корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.

Хусусан, замонавий уй-жой қурилиши ва енгил саноат соҳасида фаолият юритувчи “Горстрой” ва “ИП Власов” компаниялари меҳмонларга ўз имкониятлари ва лойиҳаларини тақдим этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш