ЖИДУ проректори АҚШдаги Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти президенти этиб сайланди
Ноябрь 11, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 25
ТОШКЕНТ, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Тимур Дадабаев АҚШда жойлашган Марказий Евроосиё тадқиқотлари жамияти (Central Eurasian Studies Society – CESS) томонидан ўтказилган сайловда ғалаба қозониб, ташкилотнинг 2027–2028 йиллар учун президенти (President-Elect) этиб сайланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
CESS Марказий Евроосиё минтақасини ўрганиш бўйича фаолият юритувчи етакчи олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларни бирлаштирган дунёдаги йирик халқаро академик жамиятлардан бири ҳисобланади. Ҳозирда ташкилотга Колумбия университети профессори Александр Кули (Alexander Cooley) раҳбарлик қилмоқда.
Мазкур нуфузли халқаро академик лавозимга тарихда илк бор Ўзбекистон вакилининг сайланиши мамлакатимиз илм-фани ва илмий салоҳиятининг халқаро миқёсда эътироф этилаётганидан далолат беради.
Ушбу ютуқ ЖИДУнинг халқаро академик ҳамжамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, етакчи хорижий илмий ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон илм-фанининг жаҳон академик маконига интеграциялашувига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси