Ўзбекистонлик чорвадорлар Беларусдаги қўшма корхона фаолиятини кенгайтирмоқда
Ноябрь 11, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 20ВИТЕБСК, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Беларуснинг Витебск вилояти Шумилинск туманида ташкил этилган Ўзбекистон–Беларусь қўшма корхонаси учун 150 га яқин буқа сотиб олиниб, 380 гектар ер майдони ажратилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Беланд чорва” МЧЖ қўшма корхонаси директори Баҳодир Комилов Беларуснинг “СТВ” телеканалига берган интервьюсида ҳозирда мажмуада ўзбекистонлик тажрибали мутахассислар меҳнат қилаётганини, маҳаллий бозордан сотиб олинган 146 бош буқача маҳаллий ҳокимлик томонидан ажратилган иккита бинодан бирида сифатли озуқа билан боқилаётганини маълум қилди.
Лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 8–9 июль кунлари Беларусга икки кунлик расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар натижасидир.
Бошқа кўплаб лойиҳалар қаторида ўзбекистонлик инвесторлар иштирокидаги “Беланд чорва” МЧЖ қўшма корхонаси Витебск вилоятининг Шумилинск туманида ўз фаолиятини жадал ривожлантирмоқда.
“Лойиҳа доирасида маҳаллий туман ижроия қўмитаси томонидан ўзбекистонлик тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилиб, фермерлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда”, дея хабар бермоқда телеканал.
Корхона 2027 йил баҳорида зарур замонавий техникаларни сотиб олишни, қорамоллар сонини 600 бошга етказишни режалаштирмоқда. Ажратилган ер майдонида маккажўхори, картошка ва пиёз экиш кўзда тутилган.
Хўжаликда етиштирилаётган чорва молларидан олинадиган сифатли гўшт маҳсулотлари тўғридан-тўғри Ўзбекистонга етказиб берилади. Бу чора-тадбирлар икки томонлама гўшт ва сут маҳсулотлари савдосини янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



