Радим Зак: Ўзбекистон тобора ошкора тарзда миграция сиёсатига тизимли ёндашмоқда
Май 18, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 48
ТОШКЕНТ, 18 май. /“Дунё” АА/. Миграция сиёсати ривожи бўйича халқаро марказ (ICMPD)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий офис раҳбари Радим Зак бугун бошланган Тошкент халқаро миграция форуми доирасида “Дунё” АА мухбирининг меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича берган саволига жавоб берди:
– Тошкент халқаро миграция форумида иштирок этиш мен учун катта шараф. Миграция сиёсати ривожи бўйича халқаро маркази Ўзбекистонда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Фикримча, Ўзбекистон ICMPDнинг яқин ҳамкори ҳисобланади ва миграция соҳасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкентда ташкил этилган Мигрантлар учун ресурс маркази ҳам ушбу ҳамкорлик натижасидир. Шунингдек, Европа Иттифоқи молиялаштирадиган “BOMCA” дастури доирасида чегара хизматлари билан чегараларни интеграциялашган бошқариш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда. Ўзбекистон “Prague Process” (Прага жараёни) ҳукуматлараро миграция мулоқотининг фаол иштирокчиларидан бири ҳисобланади.
Форумда иштирок этиш, тажрибали мутахассисларнинг чиқишларини тинглаш, иштирокчилар билан мулоқот қилиш ва янги маълумотлар олиш жуда муҳим. Шу маънода, миграция соҳасида турли чақириқлар мавжудлигини, аммо уларни ҳал этишда энг муҳими тизимли ёндашув эканини қайд этиш лозим. Миграция сиёсатини шакллантирувчи давлат органлари учун инсон - унинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва оилавий мажбуриятлари билан марказда туриши керак.
Давлатларнинг вазифаси фуқароларнинг хорижга хавфсиз чиқиши, янги билим ва тажриба олиши, кейин эса ватанига қайтиб келиб, эгаллаган кўникмалари ва маблағларини мамлакат ривожи учун ишлатишига шароит яратишдир.
Шунингдек, Ўзбекистон бу йўналишда жиддий ва тизимли иш олиб бормоқда. 2024 йилгача ҳам ҳамкорлик давом этган, аммо Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилганидан кейин ишлар янада изчил ва самарали бўлди.
Халқаро ҳамкорлар билан муносабатлар кенгайиб бораётгани, бундай форумлар эса нафақат тажриба алмашиш, балки Ўзбекистоннинг ўз илғор амалиётларини намойиш этиш майдонига айлантирмоқда.
Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда, қонунчиликни такомиллаштирмоқда, замонавий ёндашувларни жорий этмоқда ва ҳам меҳнат мигрантларини хорижга юбориш, ҳам хорижий фуқароларни қабул қилиш борасида тобора очиқ давлатга айланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Кубаничбек Омуралиев: Туркистон саммити туркий дунё рақамли интеграциясини янги даражага олиб чиқади

Диене Кейта: Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришди


