Бутунжаҳон туризм ва саёҳат кенгаши бош қароргоҳи Буюк Британиядан Мадрид шаҳрига кўчади
Февраль 01, 2026. 09:05 • 2 дақ
• 106
МАДРИД, 1 февраль. /“Дунё” АА/. Мадрид шаҳри Бутунжаҳон туризм ва саёҳат кенгаши (WTTC)нинг янги бош қароргоҳи сифатида танланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Испания саноат ва туризм вазири Хорди Эреу, WTTC президенти Глория Гевара ҳамда Мадрид мери Хосе Луис Мартинес-Алмейда ўртасида англашув меморандуми имзоланган.
Ташкилот қароргоҳини жойлаштириш учун Мадрид билан бирга Женева, Милан, Париж ва Дубай каби йирик марказлар номзоди ҳам кўриб чиқилган.
Бутунжаҳон туризм ва саёҳат кенгаши туризм соҳасидаги хусусий сектор манфаатларини ифода этувчи етакчи халқаро ташкилот бўлиб, ўз атрофида 200 дан ортиқ йирик халқаро компанияларни бирлаштиради. Унинг аъзолари қаторида “Iberostar”, “Hilton”, “Google”, “Expedia” ва “Hyatt” каби глобал брендлар мавжуд.
Қароргоҳнинг Мадридга кўчирилиши WTTC ва Испания ўртасидаги институционал алоқаларни мустаҳкамлаш билан бирга, шаҳарнинг туристик тармоғини стратегик бошқариш бўйича жаҳондаги асосий марказлардан бири сифатидаги мақомини янада оширади. Испания томони ушбу келишувни мамлакатнинг глобал туризм майдонидаги етакчилигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ютуқ деб баҳолади.
WTTC президенти Глория Геваранинг таъкидлашича, қароргоҳнинг кўчирилиши туризмнинг янги моделини шакллантиришга қаратилган бўлиб, айнан Мадриддан туриб жаҳон хусусий секторининг стратегик ривожланиш йўналишлари белгиланади. Шу тариқа, WTTC бош офисининг Буюк Британиядан Испанияга кўчирилиши натижасида Мадрид халқаро туризм бошқарувининг марказий нуқтасига айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1975 йилдан буён Испания пойтахтида БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) қароргоҳи ҳам фаолият юритиб келмоқда. Бу эса Мадриднинг дунё туризм сиёсатини белгиловчи ягона шаҳар сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
