Хитой делегацияси Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик имкониятларини ўрганди
Май 12, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 38ТОШКЕНТ, 12 май. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном райони Қишлоқ хўжалиги департаменти делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Гуанчжоу шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган ташриф доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда олий таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилди.
Музокараларда “ақлли” қишлоқ хўжалиги ютуқларини жорий этиш, жумладан, ипакчилик тармоғига инновацион технологияларни жалб қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда ихтисослаштирилган касб-ҳунар таълими соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой томони Навоий давлат университети ва Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда таълим дастурларини ишлаб чиқиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини фаоллаштириш, қисқа муддатли тренинглар ташкил этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва ўқув марказини яратиш бўйича келишувга эришди.
Гуанси-Чжуан автоном райони Хитойнинг жанубида жойлашган бўлиб, 50 миллиондан зиёд аҳолига эга мамлакатнинг энг йирик ҳудудларидан бири саналади. Вилоятнинг маъмурий маркази Наньнин шаҳри.
2025 йил якунларига кўра, Гуанси ялпи ички маҳсулоти ҳажми 450 миллиард долларни ташкил этган. Металлургия, кимё саноати, автомобилсозлик ва аграр сектор минтақа иқтисодиётининг асосий тармоқлари ҳисобланади. Бундан ташқари, Гуанси тропик мевалар етиштириш бўйича Хитойда етакчи ўринни эгаллайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Лондонда бўлиб ўтган халқаро форум ва учрашувларда Ўзбекистон таълим тизимини жаҳон стандартларга мослаштириш масаласи муҳокама қилинди







