“REISE aktuell”: Самарқанд, Бухоро, Хива ҳали ҳам афсонавий шаҳар мақомини йўқотгани йўқ
Декабрь 29, 2025. 10:46 • 2 дақ
• 119
ВЕНА, 29 декабрь. /“Дунё” АА/. Австриянинг “REISE aktuell” сайёҳлик журналида Ўзбекистоннинг туризм соҳаси ва сайёҳлик шаҳарларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, бир муддат Буюк Ипак йўли харитасида “кўринмай қолган” Ўзбекистон бир неча йилдан буён яна жаҳон саёҳатчиларини ўзига чорламоқда. Бугунги кунда Марказий Осиёнинг ушбу мамлакати сайёҳларни тобора кўпроқ жалб қилиб, уларни тарихи, маданияти ва самимий меҳмондўстлиги билан ҳайратга солмоқда.
Самарқанд, Бухоро, Хива ҳали ҳам афсонавий шаҳар мақомини йўқотгани йўқ. Афсоналардек янграйдиган номлар - Самарқанд, Бухоро ва Хива бугунги кунда ислом меъморчилигининг пухта таъмирланган хазиналарига айланган. Бу ерда қадимий мадрасалар ва моҳирона безатилган мозаикалар орасида шошилмасдан сайр қилиш мумкин.
“Буюк саркарда Амир Темур шаҳри Самарқандда пештоқлари олтин ва зангори рангда товланувчи учта монументал мадрасани бирлаштирган Регистон майдони шарқ гавҳаридек ярқираб турибди. Бор-йўғи бир неча қадам наридаги Гўри Амир мақбарасида соҳибқирон дафн этилган. Эксклюзив маслаҳат: майдон олтин нурга чулғанган, сайёҳлар деярли йўқ бўлган кечки пайтда бу ерни сайр қилсангиз, ажиб таассуротларга эга бўласиз”, - дея фикр билдирилган мақолада.
Тарихий миноралар шаҳри бўлган, лабиринтли эски кўчалар ва анъанавий чойхоналарга эга Бухоро ҳам саёҳатчиларни бефарқ қолдирмайди. Бу ерда бугунги кунда қадимги карвонсаройлар деворлари ортида дўкон ва меҳмонхоналар, санъат галереялари ва ширинликлар тортиладиган кичик чойхоналар мавжуд. Айниқса, XII асрга оид қудратли минора, бир пайтлар Ипак йўлининг маёғи бўлган, энди эса Бухоронинг қадр-қиммати рамзи бўлган Пойи Калон мажмуаси кишини ҳайратга солади. Бу ердаги ҳаёт худди “Минг бир кеча” эртагидек жилваланади.
Нашрда таъкидланишича, ўзини шарқ эртаги қаҳрамони сифатида ҳис қилишни истаганлар Хивага бориши зарур. Бутунлай деворлар билан ўралган, бир пайтлар Буюк Ипак йўлининг муҳим тугуни ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Ичан қалъа очиқ осмон остидаги жонли музейга ўхшайди. Бугунги кунда бу ер 50 га яқин тарихий обида ва бетакрор чўл жозибаси билан қадимги Ўрта Осиё ҳақида ҳақиқий тасаввур беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси