Самарқанд саммити болалар саломатлиги ва таълимига сармоя киритишда глобал платформага айланди

Октябрь 25, 2026. 17:30 • 3 дақ

• 124
Самарқанд саммити болалар саломатлиги ва таълимига сармоя киритишда глобал платформага айланди
Самарқанд саммити болалар саломатлиги ва таълимига сармоя киритишда глобал платформага айланди
Самарқанд саммити болалар саломатлиги ва таълимига сармоя киритишда глобал платформага айланди
Самарқанд саммити болалар саломатлиги ва таълимига сармоя киритишда глобал платформага айланди

ПЕКИН, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Хитой оммавий ахборот воситаларида Самарқандда бўлиб ўтган “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” мавзусидаги Бутунжаҳон саммити ҳақида туркум мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “CCTV”, “CGTN”, “Phoenix TV”, “Takungpao”, “Victwo”, “Lookwe”, “Psearcher”, “Target”, “Travel&Leisure”, “WeChat”, “Yidian Zixun”, “Toutiao”, “Sohu”, “Baijiahao”, “Ifeng” каби ОАВда Самарқанд саммити ҳақида кўплаб материаллар эълон қилинди.

Материалларда таъкидланишича, 21–22 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган саммитда 100 дан ортиқ мамлакатдан биринчи хонимлар, хорижий давлатлар ҳукуматлари аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, бизнес, фуқаролик жамияти ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Болалар саломатлиги, ижтимоий ҳимоя, таълим, хавфсизлик ва оилаларни қўллаб-қувватлаш масалалари ўзаро боғлиқ йўналишлар сифатида кўриб чиқилди. Ўзбекистондаги ислоҳотларни бола нигоҳи билан намойиш этувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Нашрларда қайд этилишича, ушбу нуфузли саммит Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бола ҳаётидаги ўзгаришларни соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва оилавий муҳитнинг умумий таъсири сифатида баҳолаш саммитнинг асосий мавзуси бўлди. Тадбир материалларига кўра, Ўзбекистонда ижтимоий хизматлар тури 26 тадан 140 тага кўпайди, болалар камбағаллиги даражаси 21,5 фоиздан 5,4 фоизга камайди, мактабгача таълим қамрови эса 27,7 фоиздан 78 фоизга ошди.

Шунингдек ўқинг

Саммит доирасида биринчи хонимлар ва юқори мартабали меҳмонлар иштирокида Самарқанддаги “IMKON” марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказ Нукус, Қибрай, Қарши ва Зарафшон шаҳарларидаги муассасаларни ўз ичига олган “IMKON” тармоғининг янги бўғинига айланди.

2025 йилда ушбу марказларда 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулотлар ўтказилди, 4 мингга яқин бола амбулатор реабилитациядан ўтди. Шунингдек, Болалар онкологияси бўйича II Халқаро конгресс бўлиб ўтди.

Болалар фаровонлигига сармоя киритиш тўғрисидаги Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши саммитнинг асосий воқеаси сифатида қайд этилди. Унда иштирокчилар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга ва бола манфаатларини энг устун даражада таъминлаш тамойилига содиқлигини таъкидлади.

Иштирокчилар болалар дунё аҳолисининг учдан бир қисмини ташкил этиши, уларга йўналтирилган инвестициялар эса соғлиқни сақлаш, таълим, меҳнат унумдорлиги, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлашда самара беришини маълум қилди.

Хитой ОАВда болалар фаровонлигига сармоя киритиш узоқ келажакка мўлжалланган режа эмас, балки ҳар бир боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани таъкидланган. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билангина болаларнинг соғлом ва хавфсиз муҳитда вояга етишини таъминлаш мумкинлиги алоҳида қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш