Logo

Сеулда Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилди

Февраль 10, 2026. 15:05 • 2 дақ

104
Сеулда Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйилди

СЕУЛ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Сеул шаҳрида мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан буюк шоир ва мутафаккир таваллудининг 585 йиллиги муносабати Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда дипломатик ваколатхона ходимлари, Жанубий Кореяда яшаётган ва таълим олаётган ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Алишер Абдусаломов сўзга чиқиб, ёш авлоднинг маънавий-ахлоқий камолотида Алишер Навоий ижодининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. У шоирнинг бой адабий ва фалсафий мероси жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилик тарихида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбир давомида Ўзбекистонда ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва сифатли таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат сиёсати амалга оширилаётганига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, хорижда таълим олаётган мамлакатимиз фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимиз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Элчихона томонидан Жанубий Кореяда яшаётган ва таълим олаётган ватандошларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, ёшларнинг ташаббус ва таклифларини рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган ўзбекистонлик ёшлар хорижда замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаш орқали келгусида Ўзбекистоннинг янада ривожланиши ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.

Сеул шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг ўрнатилиши Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим рамзи бўлиб, икки томонлама муносабатлар тарихида том маънода муҳим воқеадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш