Logo

Озарбайжонда “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди

Февраль 07, 2026. 10:00 • 2 дақ

209
Озарбайжонда “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди
Озарбайжонда “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди
Озарбайжонда “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди
Озарбайжонда “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди

БОКУ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг 585 йиллик юбилейини кенг нишонлаш мақсадида Боку шаҳрида “Барҳаёт Алишер Навоий” мавзусида конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Дастлаб, Алишер Навоийнинг Боку шаҳридаги ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг, Озарбайжон Миллий фанлар академияси (ОМФА)да  Алишер Навоийга бағишланган “Барҳаёт Алишер Навоий” (“Yaşayan Əlişir Nəvai”) мавзусида илмий конференция ташкил этилди.

Тадбирда Бокудаги Марказий Осиё мамлакатлари элчилари, Парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзолари, “Ватандошлар” жамоат фонди вакиллари ва адабиётшунослар иштирок этди.

Мамлакатимизнинг Бокудаги элчиси Бахром Ашрафхонов сўзга чиқиб, Алишер Навоий адабий меросининг жаҳонда тутган ўрни, Озарбайжон халқи Навоийни ўз шоири сифатида ҳурмат қилишини алоҳида қайд этди.

Конференцияда Туркиянинг Озарбайжондаги элчиси Бирол Акгюн, Озарбайжон парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари, депутат Эльдар Ибрагимов, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Маданият элчиси Гюнай Эфендиева, ОМФА президенти Иса Габиббейли ҳамда кўплаб ёзувчи ва шоирлар Навоий ижоди хусусида тўхталиб ўтди.

Жумладан, академик Иса Габиббейли Алишер Навоийнинг жаҳон адабиёти ва маданиятига қўшга ҳиссасини эътироф этиб, унинг умумтуркий адабиёти чўққисида турувчи ёрқин шахслар қаторидан ўрин эгаллаганини алоҳида таъкидлади. У Озарбайжон Навоий меросига оид қўлёзмаларни сақлаш бўйича Тошкентдан кейинги энг йирик марказ эканини маълум қилди.

Элчи Бахром Ашрафханов иштирокчилар диққатини қизиқарли фактга қаратди: “Бундан 100 йил аввал, 1926 йилда мазкур бинода Биринчи туркологик қурултой бўлиб ўтган. Ушбу тадбирда кўплаб делегациялар, шу жумладан, Ўзбекистондан вакиллар иштирок этган. Ушбу қурултой доирасида Алишер Навоийнинг 485 йиллиги нишонланган. Бугун эса, 100 йил ўтиб, айнан шу муҳташам бинода буюк давлат арбоби Мир Алишер Навоийнинг 585 йиллигини нишонлаяпмиз. Биз бугун тарихий воқеа иштирокчиларимиз”, дея фикр билдирди.

Туркия элчиси Бирол Акгюн ўз нутқида Алишер Навоий туркий халқларнинг умумий маданий мероси ва маданий онгига таъсир кўрсатган қудратли шахс эканини айтди. Унинг фикрича, ўзбек шоири ёзган асарлар туркий дунёнинг маънавий юксалишига хизмат қилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш