Logo

Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди

Февраль 10, 2026. 15:41 • 2 дақ

45
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий юбилейи кенг нишонланди

ЎШ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Бош консулхона ташаббуси билан буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, Ўш шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида жойлашган, буюк шоир ва мутафаккирнинг ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўш шаҳар мэри ўринбосари Нурлан Закиров Алишер Навоий меросини асраб-авайлаш, уларни ёш авлод онгига сингдириш бугунги куннинг талаби эканини алоҳида таъкидлади.

“Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, ўз давридаёқ тил ва адабиётнинг, миллий давлатчиликнинг ривожлантиришдаги фаолияти Қирғизистонда ҳам барчага яхши маълум. Унинг беқиёс ва серқирра ижоди нафақат ўзбек ва Марказий Осиё халқлари, балки бутун жаҳон адабиётида ҳам ўзининг алоҳида ўрнига эга”, – деди Нурлан Закиров.

Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили аппарати бўлим бошлиғи Кенжебек Адилов таъкидлашича, бугунги дунё адабиётида Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс. Бутун дунёда мактаблар ва олий таълим муассасаларида Навоий асарлари ўқитилади. Шу билан бирга буюк шоирнинг асарлари Ўш шаҳрида ҳам севиб мутолаа қилинмоқда.

Суҳбат давомида Алишер Навоийнинг бой маданий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани, унинг адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик равнақидаги улкан ҳиссаси ҳозиргача бутун дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида Ўш шаҳри мактаб ўқувчилари томонидан ўзбек ва қирғиз тилларида Навоийнинг ғазалларидан намуналар ўқилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида Алишер Навоий таваллудига бағишланган “Эй, умр азиз” номли мақом кечаси бўлиб ўтди. Унда театр санъаткорлари ҳамда мактаб ўқувчилари ижросида Навоий ижодидан намуналар ўқилди, унинг ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқлар ижро этилди.

“Навоийнинг ҳаёт йўли, қалб тўридан ёзилган шеър ва ғазаллари ўқилар экан, ҳар бир сўз юракларнинг туб-тубигача етиб борди. Буюк мутафаккир ҳайкали пойига қўйилган гулчамбарлар эса халқимизнинг улуғ зотга бўлган муҳаббатининг чексиз рамзи бўлди десам муболаға бўлмайди”, дейди Қирғизистон ўзбек миллий маданий марказининг Жанубий вилоятлар бўйича координатори Адилжан Атажанов.

Қирғизистонлик шоир ва ғазалнавис Қосимжон Рахмиев Навоий шахсига тўхталар экан, ижоди бетимсол бўлган бу мўътабар зотни дунё халқлари қалбини забт этган чинакам умумбашарий инсон, дея эътироф этди.

Тадбир якунида Бош консулхона томонидан тадбирнинг фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш