Logo

Немис нашри: Олмалиқда мега-завод ишга туширилди

Март 22, 2026. 11:00 • 2 дақ

123
Немис нашри: Олмалиқда мега-завод ишга туширилди

БЕРЛИН, 22 март. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Deutsche Allgemeine Zeitung” нашрида Ўзбекистондаги Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси очилишига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан рамзий тугмани босиш орқали ишга туширилган ушбу лойиҳа мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган, 196 гектар майдонда барпо этилган завод йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга. Бу кўрсаткич билан у нафақат Марказий Осиёда, балки дунёдаги энг йирик корхоналар қаторидан жой олди.

Германия газетаси миснинг энергетика, электротехника, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиётдаги ролини алоҳида қайд этган. Ўзбекистон эндиликда нафақат хомашё экспорт қилиш, балки уни мамлакат ичида чуқур қайта ишлашни мақсад қилган. Жорий йилда мисни қайта ишлаш қувватини 240 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг технологик устунлиги шундаки, бутун ишлаб чиқариш рақамли назорат остида ва кўплаб жараёнлар сунъий интеллект ёрдамида бошқарилади. Бу энергия сарфини 10 фоизга, ишлаб чиқариш харажатларини эса 15 фоизга камайтириш имконини беради.

Нашрнинг қайд этишича, хомашё базаси ҳам жуда мустаҳкам: фақат “Ёшлик-1” ва “Қалмоқир” конларида қарийб 45 миллион тонна мис ва 5000 тоннадан ортиқ олтин мавжуд бўлиб, бу захиралар камида 100 йилга етади. Шунингдек, молибден, селен, теллур ва рений каби нодир металлар ҳам келажакдаги инновацион лойиҳалар учун асос бўлади.

“Deutsche Allgemeine Zeitung”да таъкидланишича, бу Ўзбекистон учун нафақат саноат муваффақияти, балки дунёга йўлланган аниқ сигналдир. Хомашёни стратегик бошқариш, технологик модернизация ва мутахассислар тайёрлаш иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлайди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш