Яман ОАВ: Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги улуши 35 фоизга етди
Август 31, 2026. 13:06 • 2 дақ
• 94
САНА, 31 август. / “Дунё” АА/. Яманнинг етакчи “SABA” ахборот агентлиги ва “Aden Ghad” электрон газетаси веб-сайтларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси шарҳланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда таъкидланишича, Янги Тошкентда бўлиб ўтган байрам тадбирида давлат раҳбари ўзбек халқини қутлаб, мамлакат ривожланишининг янги босқичига қадам қўяётганини эълон қилди. Келгуси йилларда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган 7 та миллий дастур амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилаётгани ва уларнинг бизнес соҳасидаги улуши 35 фоизни ташкил этаётгани қайд этилган.
Яман ОАВ Ўзбекистонда рақамлаштириш ва илм-фанни ривожлантириш, хусусан, мамлакатни технологик ташаббуслар марказига айлантириш ҳамда ўзбек тилини рақамли дунёда фан тили сифатида мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган мақсадларни юқори баҳолаган. Шунингдек, мақолаларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этгани ва Самарқандда Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўрилаётгани каби спорт ютуқлари ҳам эътироф этилган.
Мақолаларда қайд этилишича, Ўзбекистон очиқ ва тинчликсевар ташқи сиёсатни давом эттирмоқда. Минтақада стратегик шериклик алоқалари мустаҳкамланиб, МДҲ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-ислом дунёси мамлакатлари билан ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз!” деган ишончли сўзлари иқтибос келтирилган мақолалар хулосасида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси