“Rzeczpospolita” газетаси: Ўзбекистон ва Қозоғистон Польша инвесторлари учун истиқболли бозорлар сифатида кўрилмоқда

Июнь 11, 2026. 14:30 • 2 дақ

49
“Rzeczpospolita” газетаси: Ўзбекистон ва Қозоғистон Польша инвесторлари учун истиқболли бозорлар сифатида кўрилмоқда

ВАРШАВА, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Rzeczpospolita” газетасида польшалик инвесторлар учун Ўзбекистон ва Қозоғистонда яратилган савдо ва инвестиция имкониятларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, минтақадаги имкониятларга қизиқиш ортиб бораётганига Польша Миллий хўжалик банки (BGK) ҳам эътибор қаратмоқда. У бошқа давлат институтлари билан ҳамкорликда польшалик компанияларнинг ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Польша учун истиқболли ҳамкор сифатида кўрилмоқда. Мамлакат йилига ўртача 5,7 фоиз барқарор иқтисодий ўсишни намойиш этмоқда. Шу билан бирга, бизнес юритиш учун рақобатбардош шароитлар, нисбатан арзон электр энергияси, меҳнат ресурслари ва солиқ юкининг пастлиги таклиф этилмоқда.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инфратузилманинг модернизация қилиниши ва рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши хорижий инвесторлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Шу боис, польша компаниялари энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва IT соҳаларига ката қизиқиш билдирмоқда.

“UN Comtrade” маълумотларига кўра, 2024 йилда Польша ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 469 миллион долларни ташкил этган. Бунда Польша экспорти 342 миллион доллар, Ўзбекистондан импорт эса 127 миллион долларга тенг бўлган. Шунингдек, Польшанинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 55–60 миллион доллар атрофида баҳоланмоқда.

Польшалик тадбиркорлар Ўзбекистонни рақамли трансформация жадал давом этаётгани ва ички бозор кенгайиб бораётгани туфайли Марказий Осиёдаги истиқболли IT-хаблардан бири сифатида кўрмоқда.

Қозоғистон ҳам Польша компаниялари учун муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари билан Польша ўртасидаги умумий товар айирбошлашнинг 75 фоиздан ортиғи айнан Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми эса қарийб 1,9 миллиард долларга етган.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда сунъий интеллект, ахборот технологиялари, криптоиндустрия ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари каби юқори технологияли соҳалар жадал ривожланмоқда.

Польша молия институтлари ва тадбиркорлари фикрича, Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиёда узоқ муддатли ҳамкорлик ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун энг истиқболли бозорлардан бири бўлиб қолмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш