“The Gulf Observer”: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон стандартлари даражасида бунёд этилган
Март 18, 2026. 15:42 • 2 дақ
• 56
АБУ-ДАБИ, 18 март. /“Дунё” АА/. Форс кўрфази минтақасининг нуфузли нашрларидан бири – “The Gulf Observer”да Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ва унинг замонавий дунё тартиботидаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, бир йил аввал Президент Шавкат Мирзиёев марказга ташриф буюриб, экспозицияларни илмий ва инновацион лойиҳалар билан бойитиш бўйича тарихий кўрсатмалар берган эди. Ўтган давр мобайнида 40 дан ортиқ давлатдан келган мутахассислар ва дизайнерлар давлат раҳбарининг юксак ғояси атрофида бирлашиб, ушбу мега-лойиҳанинг мазмун-моҳиятини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқди.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Ушбу марказ бугунги кунда нафақат меъморий обида, балки цивилизациялараро трансформация даврида инсоният учун зарур бўлган конструктив мулоқот майдонига айланди.
Диний қадриятлар сиёсий мақсадларга қурол қилинаётган ва маданиятлар ўртасида тўсиқлар пайдо бўлаётган бир пайтда, Евроосиё марказида бундай мажмуанинг бунёд этилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган стратегик нигоҳи самарасидир.
“The Gulf Observer” эълон қилинган материалда халқаро етакчиларнинг марказ ҳақидаги фикрларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, Шавкат Мирзиёевни “мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини тизимли равишда илгари сураётган буюк раҳбар” деб атаган. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев марказни исломофобияга қарши “маърифий қалқон” ва ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини намойиш этувчи маскан сифатида эътироф этган.
Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Сербия етакчиси Александр Вучич ва Финляндия давлат раҳбари Александр Стуббларнинг ҳайрат билан билдирган фикрлари марказнинг дунё миқёсидаги нуфузини янада оширади.
“Бугун Ислом цивилизацияси маркази Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” ва Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси каби замонавий дунёнинг интеллектуал хабига айланмоқда. Бу ерда тарихий билимлар рақамли технологиялар билан уйғунлашиб, миллий мерос халқаро мулоқот ва ўзаро англашувнинг мустаҳкам пойдеворини яратмоқда”, дея фикр билдирилган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси