Logo

Ўзбекистон Президенти “Мароқанд сифат” кластери тизимидаги корхона фаолияти билан танишди

Март 18, 2026. 16:01 • 4 дақ

84
Ўзбекистон Президенти “Мароқанд сифат” кластери тизимидаги корхона фаолияти билан танишди

ТОШКЕНТ, 18 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Нарпай туманида жойлашган “Мароқанд сифат” кластери тизимида чиқиндисиз технология тамойили асосида иш олиб бораётган корхона фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, кластерда пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ қиймат занжири шакллантирилган. Хусусан, пахта ва уруғлик етиштириш, ёғ-мой ишлаб чиқариш, тола ва ип-калава тайёрлаш, шунингдек, тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни қамраб олган 25 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бундай ёндашув қишлоқ хўжалиги ва саноатни узвий боғлаш орқали юқори қўшимча қиймат яратиш имконини бермоқда.

Амалга оширилган ишлар натижасида корхона ип-калава ишлаб чиқариш бўйича йилига 5,5 минг тонна, тайёр трикотаж маҳсулотлари бўйича эса 1 миллион дона қувватга эга бўлди. Мазкур кўрсаткичлар 10 миллион долларлик экспорт салоҳиятини таъминлашга хизмат қилади. Бу эса кластернинг ички ва ташқи бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашга замин яратади.

Корхона фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати аҳоли бандлигини таъминлашга қўшаётган ҳиссасидир. Айни пайтда бу ерда 1 минг нафар доимий иш ўрни яратилган бўлса, мавсумий ишлар даврида яна 3 минг нафар аҳоли иш билан таъминланмоқда.

“Мароқанд сифат” кластерининг мато қолдиқларини қайта ишлаш орқали ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси илғор ва самарали ташаббуслардан бири ҳисобланади.

Лойиҳа таркибида биолаборатория ҳамда тикув цехлари фаолият юритмоқда. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, тикув цехларида фойдаланиб бўлинган мато қолдиқлари ташлаб юборилмайди. Улар замонавий, юқори тезликда ишловчи ускуналар орқали қайта ишланиб, яна ип-калава ҳолатига келтирилади. Ушбу йўналишда йиллик тола ишлаб чиқариш қуввати 5 минг тоннани ташкил этади. Бу эса ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион доллар бўлиб, у 3,3 гектар майдонда жойлашган. Корхонада 500 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланган. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларнинг жорий этилгани унинг иқтисодий самарадорлигини янада оширмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ҳозирда корхона ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар орқали ишлаб чиқариш жараёнида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу корхонанинг энергия харажатларини камайтириш билан бирга “яшил иқтисодиёт” тамойилларини амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

Президентимиз ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди ва тикув цехида меҳнат қилаётган ходимлар билан самимий суҳбат қурди.

– Сизлар билан учрашганимдан мамнунман. Бу ерда яратилган шароитлар, ташкил этилган иш ўринлари аҳолининг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қиляпти. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа – юртимиздаги улкан ўзгаришларнинг бир қисми. Албатта, иш ўринларига талаб ошиб бормоқда. Шунинг учун биз янада фаол ишлаяпмиз, ҳар бир ҳудудда янги имкониятлар яратишга ҳаракат қиляпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида Президентимизга Нарпай туманида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.

Нарпай туманидаги 8 та насос станция ДХШ асосида хусусий секторга берилган. Ўтган даврда 21 та насос агрегатлари 12,3 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳисобига янгилангани натижасида йиллик энергия истеъмоли 68,1 миллион киловатт-соатдан 34,1 миллион киловатт-соатгача камайтиришга эришилди.

Умуман, Самарқанд вилоятининг сув хўжалигига янги илмий ёндашувлар жорий қилинмоқда. Бу борада илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимига илмий маслаҳатчи бириктирилмоқда. Шунингдек, соҳада дуал таълим йўлга қўйилиб, 72 нафар талабанинг сув хўжалиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, гидротехника ва гидроэнергетика, кадастр ва экология йўналишларида 6 ойлик узлуксиз амалиёти йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни изчил ва тизимли давом эттириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш