Якутия билан меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
Март 18, 2026. 16:45 • 2 дақ
• 64
ЯКУТСК, 18 март. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Владивостокдаги бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари хизмат сафари билан Саха Республикаси (Якутия)га борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида Якутия Ташқи алоқалар ва халқ ишлари вазирлиги, Аҳоли бандлиги қўмитаси ҳамда Чет эл фуқароларини ижтимоий ва маданий мослаштириш маркази раҳбарияти билан музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Якутия томони минтақа иқтисодиёти учун юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж катталигини таъкидлади.
Шу билан бирга, 2026 йилда Якутия ҳудудида патент асосида ишлаётган чет эл фуқаролари учун жорий этилган соҳавий чекловлар (жами 42 та йўналиш) муҳокама қилинди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик дипломатлар меҳнат бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, ушбу чекловларнинг бир қисмини қайта кўриб чиқиш бўйича ўзаро манфаатли таклифларни илгари сурди.
Якутия расмийларига Ўзбекистонда хорижга кетаётган фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тил ўргатиш бўйича йўлга қўйилган тизим ҳақида маълумот берилди.
Бу каби учрашувлар Россиянинг шимолий ҳудудларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз учун хавфсиз ва қонуний меҳнат шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси