Logo

Ўзбекистон Президенти янги поездда Нарпай туманига келди

Март 18, 2026. 15:53 • 4 дақ

79
Ўзбекистон Президенти янги поездда Нарпай туманига келди

ТОШКЕНТ, 18 март. /“Дунё” АА/. Бугун  Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан биргаликда юртимизга олиб келинган янги “Hyundai Rotem” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди номи билан аталган ушбу поезд мамлакатимизга етказиб берилиши режалаштирилган олтита “Hyundai Rotem” поездларидан биринчиси. Поезд етти вагондан иборат, соатига 260 километргача тезликда ҳаракатлана олади.

Ойналари қорайтирилган оқ рангли таркиб Ўзбекистон байроғини эслатувчи мовий, яшил ва қизил рангли чизиқлар ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” ёзувига эга. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта – ВИП, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.

Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган.

Яқин орада “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкент – Урганч – Хива йўналиши бўйлаб қатнай бошлайди. Қатнов вақти 7 соатни ташкил этиши кутилмоқда.

Сафар чоғида давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари, меҳнат фахрийлари ва илғор ёшлар билан самимий суҳбатлашди.

Юртимизда бўлаётган кенг кўламли ўзгаришлар, тобора кўпайиб бораётган йирик лойиҳалар, одамлар фаровонлиги ва қулайлиги учун амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди.

Нарпайга келгач, Президентимиз гидропоника усулида ташкил этилган қулупнайчилик иссиқхонаси фаолияти билан танишди.

Самарқандда азалдан деҳқончилик маданияти ривож топган. Ер ва сувдан унумли фойдаланиш бўйича тажриба катта. Нарпай туманида ҳам ҳар қарич ер майдони ва мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор агротехнологияларни жорий этишга эътибор ортиб бормоқда.

Бугун гидропоника усулида маҳсулот етиштириш амалиётига талаб катта. “Нарпай қулупнай” корхонаси ана шундай инновацион ёндашувни амалиётга татбиқ этиб, юқори иқтисодий самарадорликка эришаётган илғор тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг умумий қиймати 650 минг долларни ташкил этиб, бир гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилган. Мазкур иссиқхонада йилига 50 тонна қулупнай етиштириш имконияти мавжуд.

Айни пайтда корхона “Нарпай қулупнайлари” бренди остида маҳсулотларини маҳаллий йирик савдо тармоқларига етказиб бермоқда. Бу эса ички бозорни сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Гидропоника технологияси асосида қулупнай тупроқсиз, махсус озуқавий эритмалар ёрдамида парваришланади. Ўсимлик илдизлари ерда эмас, балки сувни яхши ўтказувчи кокос қипиғи муҳитида ривожланади. Бунда қулупнай зарур минерал моддаларни тўғридан-тўғри сув орқали қабул қилади. Бу эса ўсимликнинг энергия сарфини камайтириб, ўсиш жараёнини тезлаштиради. Ҳосилдорлик анъанавий усулларга нисбатан бир неча баравар юқори бўлади.

Шу билан бирга, гидропоника технологияси кичик майдонда катта ҳажмда маҳсулот етиштириш имкониятини яратади. Энг муҳими, тупроқдан фойдаланилмаслиги туфайли сув сарфи 80 фоизгача камаяди. Ўсимлик касалликлари хавфи паст бўлгани сабабли кимёвий воситалардан фойдаланиш минимал даражага туширилади. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалигини таъминлашга хизмат қилади ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради.

Иссиқхонада сув тежамкор технологиялар жорий этилган. Хусусан, ёмғир сувини тўплаш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида катта сиғимли сув ҳавзаси барпо қилинган. Шунингдек, автоматлаштирилган гидропоника ускуналари, қуёш панеллари ва энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилгани ишлаб чиқариш харажатларини камайтирмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йил давомида барқарор етказиб беришни таъминлашда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти алоҳида экани таъкидланди. Тадбиркорнинг истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Хусусан, келгусида лойиҳани кенгайтириш, қўшимча равишда 60 гектар майдонда янги иссиқхоналар барпо этиш режалаштирилган. Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 300 минг тоннагача ошади. Янги иш ўринлари яратилади.

Давлатимиз раҳбари бундай усулдаги иссиқхоналарни аҳоли хонадонларида ҳам кўпайтириш орқали барқарор даромад манбаларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

– Бугун барча соҳада бўлгани каби мазкур йўналишда ҳам сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш зарур. Агар ишлар тўғри ташкил этилиб, одамларни бу иш билан шуғулланишга ўргатсак ва буни Нарпай тажрибаси сифатида кенг оммалаштирсак, халқимиз гидропоника усулида йил давомида ҳосил етиштириб бозорни ҳам тўлдиради, яхшигина даромад ҳам қилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш