“The Nation” газетаси: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар янада етук иқтисодий ҳамкорлик моделига ўтмоқда

Июль 26, 2026. 14:30 • 3 дақ

95
“The Nation” газетаси: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар янада етук иқтисодий ҳамкорлик моделига ўтмоқда

ИСЛОМОБОД, 26 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Nation” газетасида “Ўзбекистон – Қирғизистон: Яқин қўшничиликдан узоқ муддатли иқтисодий кооперация сари” сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди, – дейилган нашр муқаддимасида. – Олий даражадаги мунтазам учрашувлар стратегик йўналишни белгилаб бермоқда, ҳукуматлараро мувофиқлаштиришнинг асосий механизми эса икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссия бўлиб қолаётир”.

Мазкур ҳамкорлик тизимининг муҳим таркибий қисми ҳудудлар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқалар ҳисобланади. 2017 йилда ташкил этилган Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Президенти ваколатли вакиллари кенгаши 2025 йилда икки давлат Ҳудудлар раҳбарлари кенгаши сифатида янгиланди. Ушбу йўналишнинг давоми сифатида Ўзбекистонда биринчи Ҳудудлараро форуми ўтказилиши режалаштирилган. Бундай формат савдо, логистика, чегара ўтиш пунктлари, бозорлар ва ҳудудлардаги тадбиркорликни ривожлантириш учун амалий аҳамият касб етади.

Материалда, шунингдек, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар тобора фаоллашётганига эътибор қаратилган. Маълум қилинганидек, 2024 йил июль ойида Тошкент шаҳрида 350 нафар тадбиркор иштирокида  Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича умумий қиймати 213 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 20 та ҳужжат имзоланди.

“Товар айирбошлаш ҳажмидаги ўсиш иқтисодий манфаатларнинг ортиб бораётганини яққол кўрсатмоқда. 2025 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми қарийб 1,2 миллиард долларига етиб, 36,4 фоизга ошди. 2026 йилнинг январь–май ойларида ҳам ижобий тенденция сақланиб қолди: товар айирбошлаш ҳажми 468,8 миллион долларини ташкил этиб, 43,9 фоизга ўсди. Ушбу ижобий тенденцияларни мустаҳкамлаш мақсадида томонлар 2024–2030 йилларга мўлжалланган ўзаро савдони кенгайтириш дастурини амалга оширмоқда”, – деб ёзган Покистон босма нашри.

Шунингдек ўқинг

“The Nation” инвестициявий ҳамкорлик икки мамлакат бизнесининг ўзаро иштирокига таянаётганини алоҳида урғулаган. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокидаги 450 та корхона фаолият юритаётган бўлса, Қирғизистонда Ўзбекистон капитали иштирокидаги 85 та корхона мавжуд. Бу эса ҳамкорлик оддий савдо операцияларидан янада барқарор бизнес шерикчилиги босқичига ўтаётганини кўрсатади.

Таъкидланишича, бир қатор ташаббусларнинг молиявий асосини Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси таъминламоқда. Унинг портфелида транспорт, молия, енгил саноат, қурилиш материаллари ва энергетика соҳаларидаги лойиҳалар мавжуд. Жамғарманинг лойиҳа базасини кенгайтириш ва Қирғизистон томонининг унинг устав капиталидаги иштирокини кўриб чиқиш ушбу молиявий механизмнинг барқарорлигини янада мустаҳкамлаши мумкин.

Мақола хулосасида қайд этилганидек, “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар янада етук иқтисодий ҳамкорлик моделига ўтаётганини кўрсатмоқда”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш