Logo

“The World News”: Ўзбекистон шаҳарлари Осиёдаги энг гўзал 30 та шаҳар қаторида эътироф этилди

Март 02, 2026. 15:54 • 2 дақ

66
“The World News”: Ўзбекистон шаҳарлари Осиёдаги энг гўзал 30 та шаҳар қаторида эътироф этилди

ИСЛОМОБОД, 2 март /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп «The World News» электрон нашри «Ўзбекистон шаҳарлари Осиёдаги энг чиройли 30 та шаҳар қаторига киритилди» сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда «National Geographic Traveler» халқаро журналида полшалик ёзувчи ва журналист Агнешка Франуснинг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ҳамда туризм салоҳияти ҳақидаги мақоласи эълон қилингани ва нашрнинг ушбу сони «Осиёнинг 30 та энг гўзал шаҳри» йўналишига бағишлангани хабар қилинган.

«Муаллиф Ўзбекистонни минтақанинг энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида эътироф этиб, унинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор архитектураси ва Буюк Ипак йўли шаҳарларининг ўзига хос муҳити ҳақида фикр билдирган. Материалда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг минтақа цивилизациясидаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган», – дейилади материалда.

Нашрда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган меъморий ёдгорликларга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Бухоронинг тарихий маркази Арк қўрғони ва Пойи Калон ансамбли, Хива шаҳридаги ноёб меъморий мажмуа – Ичан қалъа ёдгорликлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган обидаларга алоҳида эътибор қаратилган. Сайёҳлар учун яратилган замонавий шароитлар ҳам ижобий баҳоланган. Журналист мамлакатда саёҳат қилиш хавфсизлиги, мустақил саёҳат учун қулайликлар ҳамда хизматлар нархи ва сифати ўртасидаги мутаносибликни алоҳида қайд этади.

«Агнешка Франуснинг таъкидланишича, олдиндан тузилган маршрут бўлмаса ҳам, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қулай ва таассуротларга бой бўлиб қолаверади.

«The World News» тарқатган материал якунида «Умуман олганда, мақола ёрқин ифодаланган ижобий руҳда ёзилган бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда хавфсиз, меҳмондўст ва юксак туризм салоҳиятига эга маданий бой давлат сифатидаги ижобий имижини шакллантиришга хизмат қилади», – дея урғуланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш