Logo

Токиода “Ўзбекистон япон сайёҳлари нигоҳида” фото-кўргазмаси ғолиблари тақдирланди

Февраль 25, 2026. 09:00 • 2 дақ

202

ТОКИО, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Япония пойтахтида “Ўзбекистон япон сайёҳлари нигоҳида” номли иккинчи фотосуратлар танлови якунига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан таниқли япон фотосуратчиси Жин Акино, машҳур актёр ва Ўзбекистоннинг туризм элчиси Кейсуке Минами ҳамда Япониядаги Ўзбекистон маданияти ва туризми ассоциацияси ҳамкорлигида амалга оширилди. Танловни юқори савияда ва шаффоф ўтказиш мақсадида махсус uzbekistan-photo.com портали ишга туширилди.

2025 йилнинг август–декабрь ойлари давомида ўтказилган танлов япон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Унда 300 нафарга яқин иштирокчи ўзларининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари давомида муҳрлаган 700га яқин ижодий ишлари билан қатнашди. Фотосуратларда юртимизнинг тарихий обидалари, ҳунармандчилик намуналари, миллий таомлари ва маҳаллий аҳоли турмуш тарзи акс эттирилган.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан саралаб олинган 33 та энг сара фотосурат шу йилнинг 20–22 февраль кунлари Токио шаҳрида ташкил этилган махсус кўргазмада намойиш этилди. Танлов якунларига кўра, Тошкентдаги Чорсу бозорида суратга олинган “Шарқ бозори” расми “Энг яхши фотосурат” номинациясида ғолиб чиқди. Қорақалпоғистон заминининг сирли гўзаллигини ифода этган “Саҳродаги кеча” сурати ҳам эътирофга сазовор бўлди. Шунингдек, “Наврўз – баҳор байрами” ва “Эшик ортидаги мовий дунё” каби суратлар Элчихона ҳамда Туризм элчисининг махсус совринларига лойиқ кўрилди.

Японияда ўтказилган ушбу фото-танлов иштирокчилар ва кузатувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби ташаббуслар Японияда Ўзбекистон туризм брендини янада оммалаштириш ва мамлакатимизнинг гўзал ва бетакрор гўшаларини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш