Logo

Ўзбек туризм салоҳияти Латвия самолётларида ҳам эътироф этилмоқда

Январ 09, 2026. 12:36 • 2 дақ

173
Ўзбек туризм салоҳияти Латвия самолётларида ҳам эътироф этилмоқда

РИГА, 10 январь. /“Дунё” AA/. Латвиянинг “airBaltic” авиакомпаниясига қарашли “Baltic Outlook” журналида “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари, миллий таомлари, хорижий меҳмонлар учун яратилган шароитлар ҳамда мамлакатнинг бой тарихий ва маданий мероси ҳақида маълумотлар келтирилган. Замонавий интерактив форматлар — QR-кодлардан фойдаланиш, босма материални рақамли туристик ресурслар билан интеграция қилиш, йўловчиларга мамлакат туристик салоҳияти ҳақидаги долзарб маълумотлар ва видеороликларга тезкор кириш имконини беради.

Латвия миллий авиакомпаниясининг борт журналидаги нашр Ўзбекистоннинг очиқ, хавфсиз ва туристик жиҳатдан жозибадор мамлакат сифатида халқаро имижини шакллантиришга, мамлакатнинг европалик ва яқин шарқлик аудитория орасида танилишига хизмат қилади.

Бугунги кунда “Baltic Outlook” Латвиянинг энг кўп ўқиладиган туристик нашри ҳисобланади. Журнал йўловчиларга турли давлатларнинг тарихи, маданияти, анъаналари ва сайёҳлик жойлари ҳақида маълумот тақдим этади. Нашр Рига халқаро аэропорти меҳмонлари, авиакомпаниянинг Европа ва Яқин Шарқнинг 40 дан ортиқ давлатлари, Германия, Франция, Италия, Испания, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари йўналишларида парвоз қилаётган йўловчилар орасида тарқатилади.

Нашр тиражи 20 минг нусха. Журналнинг босма ва рақамли версиялари бўйича ойлик умумий аудиторияси 450 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Журнал онлайн форматда ҳам мавжуд бўлиб, аудиторияни сезиларли даражада кенгайтиради. “airBaltic” авиакомпанияси ойига ўртача 2,5 мингдан ортиқ рейс амалга оширади ва 350 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш