Қозоғистондаги сайёҳлар оқимини Ўзбекистонга йўналтириш масалалари муҳокама қилинмоқда
Апрель 10, 2026. 12:18 • 2 дақ
• 117
ОҚТОВ, 10 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги бош консулхонаси ташаббуси билан Қозоғистоннинг “Туристик Камкор” фонди ҳамда икки мамлакат етакчи туристик компаниялари вакиллари иштирокида онлайн мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — жаҳонда ва Яқин Шарқ минтақасидаги мураккаб геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда, Қозоғистондаги мавжуд сайёҳлар оқимини Ўзбекистонга йўналтириш ҳамда соҳадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этишдан иборат бўлди.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги таъмирлаш учун ёпилган чегара ўтказиш пунктларини қайта очиш ва сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, тиббий туризмни тарғиб қилиш, Қозоғистон туристик корхоналари учун махсус имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш ҳамда “Афросиёб” юқори тезликдаги поездлари чипталарини харид қилиш тизимини соддалаштириш (алоҳида платформа яратиш) бўйича таклифлар илгари сурилди.
Қозоғистонлик экспертларнинг маълумотига кўра, ҳозирги кунда Яқин Шарқ йўналиши бўйича юз мингдан зиёд туристик пакетлар “музлатилган” ҳолатда турибди. Ушбу оқимни Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий шаҳарларига жалб қилиш учун янги ташкилий тур-пакетларни ишлаб чиқиш ижобий натижа бериши мумкинлиги таъкидланди.
Тадбир якунида йирик “KOMPAS” туркомпанияси томонидан “Керуен экспресс” туристик поезди қатновлари сонини ошириш ва фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси