Туркистон ва Жиззах кутубхоналари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Апрель 30, 2026. 12:35 • 2 дақ
• 74
ОСТОНА, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистоннинг Туркистон вилояти зиёлиларидан иборат делегация вилоятнинг “Фароб” универсал илмий кутубхонаси ташаббуси билан Ўзбекистонга адабий сафар уюштирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Gurk.kz” нашрига таяниб.
Ташриф доирасида делегация Жиззах шаҳрида бўлиб, атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг меҳмонлар Жиззахда Шароф Рашидов номидаги вилоят кутубхонасида ўтказилган “Китобхонлик – халқлар ўртасидаги маънавий кўприк” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этди.
Тадбир доирасида Жиззах вилояти ахборот-кутубхона маркази билан “Фароб” универсал илмий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий алоқаларни кенгайтиришни кўзда тутади.
Ўзбекистон зиёлилари вакиллари маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Бунинг рамзи сифатида Халқаро адабиёт, санъат, маданият ва ижтимоий фанлар академияси президенти ва асосчиси Абдулла Аҳматули ҳамда ушбу академия академиги Абдуманноп Абдулазизули кутубхона фондига “Кавказ ва Ўрта Осиё” номли нодир фотоальбом ва 1908 йилда Қозонда нашр этилган “Боқирғон китоби” номли қадимий асарни топширди.
Ўз навбатида, “Фароб” кутубхонаси жамоаси жиззахлик ҳамкасбларига 150 га яқин бадиий китоб совға қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси