“UN Journal”: Ўзбекистон халқаро IT-компаниялар учун жозибадор марказга айланмоқда
Июль 01, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 95
СЕУЛ, 1 июль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “UN Journal” нашрида Ўзбекистонда АКТ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланаётган рақамли иқтисодиёти, қулай бизнес муҳити ва халқаро инвесторлар учун яратилган имтиёзлар туфайли хорижий йирик технологик компаниялар ҳамда IT-мутахассислар учун минтақадаги асосий операцион марказга айланиб бораётгани атрофлича таҳлил қилинган.
Мамлакатда соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичга кўтарилди. Хусусан, “IT Park” резидентлари учун фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 0 фоиз этиб белгилангани, хорижлик инвесторлар ва мутахассисларга 3 йиллик махсус “IT-виза” тақдим этилаётгани Жанубий Корея ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Материалда хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ва унга мослашишини осонлаштиришга қаратилган “Zero Risk” ва “Softlanding” махсус дастурларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Мазкур лойиҳалар компанияларга тайёр инфратузилма тақдим этиш, ходимлар харажатларини қоплаб бериш ва маъмурий тўсиқларни минималлаштириш орқали бизнесни тезкор ҳамда хавф-хатарларсиз йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Мақола якунида кореялик экспертларнинг хулосалари келтирилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон нафақат операцион офисларни кўчириш, балки халқаро tech-бизнесни глобал бозорларга олиб чиқиш учун ҳам энг қулай ва стратегик майдон сифатида Марказий Осиёда етакчиликни ўз қўлига олаётгани алоҳида таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси