ТИВда Ўзбекистон ва Грузиянинг консуллик-ҳуқуқий ва миграция соҳаларидаги ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди
Ноябрь 12, 2026. 19:25 • 2 дақ
• 127
ТОШКЕНТ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бугун Грузия элчиси Давид Котария билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида Ўзбекистон-Грузия ҳамкорлигининг консуллик-ҳуқуқий ва миграция соҳаларидаги долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Грузияда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар фуқароларнинг миграция қонунчилиги талаблари, мамлакатга кириш ва унда бўлиш қоидалари, шунингдек, ноқонуний миграциянинг олдини олиш чоралари юзасидан хабардорлигини ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шу мақсадда аҳоли ўртасида тизимли равишда ахборот-тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган қўшма медиа-режа ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда икки томонлама консуллик маслаҳатлашувлари доирасида конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси