Польша билан иккинчи жаҳон уруши тарихи бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
Апрель 15, 2026. 10:40 • 2 дақ
• 117ВАРШАВА, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Миллий хотира институти раҳбарияти билан кўришди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан ташкил этилган учрашувда иккинчи жаҳон уруши тарихи, архив иши ва музейлар фаолияти йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Миллий хотира институти вице-президенти, профессор Кароль Полеевский, Архив директори Маржена Крук, Тарихий тадқиқотлар бюроси раҳбари Себастьян Пиларский, Халқаро ҳамкорлик департаменти бошлиғи Катажина Дринска ва институт президенти девони раҳбари Марек Едняк мавзу юзасидан сўз юритди.
Музокараларда иштирокчилар иккинчи жаҳон урушидаги жиноятларни ўрганиш, архив маълумотларини қидириб топиш, илмий-тадқиқот ва таълим ишлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик шаклланаётганини таъкидлади. Хусусан, 2021 йилда Гданьскдаги Иккинчи жаҳон уруши музейи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва “Ўзархив” агентлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатилгани, 2022 йилда эса Миллий хотира институти ва Ўзбекистон Миллий архиви ўртасида меморандум имзолангани ёдга олинди.
Тарихий алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 1942 йилда Ўзбекистон ҳудудида генерал Владислав Андерс армияси ташкил этилгани, унинг штаб-квартираси Янгийўл шаҳрида жойлаштирилгани, шунингдек, 115 мингдан ортиқ Польша фуқаролари Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Эронга эвакуация қилингани қайд этилди. Шунингдек, икки халқ тарихи билан боғлиқ қабрлар ва ёдгорликларни асраб-авайлаш ва ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Польша томони Ўзбекистоннинг тегишли муассасалари, жумладан, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Жадидлар мероси музейи ва Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув якунида профессор Кароль Полеевский Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёрлиги ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



